Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Давлатлараро фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлиги мисолида

Дата: 05.10.2015    

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда барча жабҳалар — сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатда барқарорлик таъминланмоқда, бозор иқтисодиёти ривожланмоқда, саноат жадал тараққий этиб, аҳоли ҳаёт даражаси тобора юксалмоқда.

Иқтисодий соҳа ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш керакки, саноат, инфратузилма ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурнинг муваффақиятли амалга оширилаётгани самарасида Ўзбекистон тайёр маҳсулотлар экспорт қиладиган мамлакатга айланмоқда. «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» индустриал зоналарининг ташкил этилгани натижасида хорижий инвестициялар оқими кўпайди, саноатда ишлаб чиқариш юқори даражада ривожланиб бораётгани ушбу лойиҳалар самарадорлигини кўрсатмоқда. 2009 йилнинг январь ойидан Навоий аэропорти «Korean Air» компанияси бошқарувига берилди. Айни пайтда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган Жанубий Корея компанияларида ушбу давлатнинг мутахассислари ёрдамида илғор технологиялар жорий қилиниб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Энг муҳими янги иш ўринлари яратилмоқда.

Шу билан бирга, давлатимиз томонидан хорижий давлатлар билан имзоланган икки томонлама шартномаларга асосан фуқароларимизни хорижий давлатлардаги, чет эл фуқароларининг Ўзбекистондаги меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Корея Республикаси билан фуқароларнинг меҳнатини тартибга солиш борасида ўрнатилган давлатлараро муносабатлар кенг ривожланиб бормоқда.

Давлатларимиз ўртасида 1995 йилдаёқ Ўзбекистонлик ишчиларни Кореяга жўнатиш бўйича алоқалар ўрнатилган бўлиб, бунинг дебочаси сифатида Корея кичик ва ўрта бизнес федерацияси ҳамда Корея Қурилиш ассоциацияси билан ўқитиш-ишга жойлаштириш соҳасида чет элликларнинг саноат соҳасида малака ошириш тизими бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Мазкур тизим бўйича шу кунга қадар 18 мингдан ортиқ юртдошларимиз Корея Республикасида ўқув машғулотларни ўтаб, меҳнат қилиш имконига эга бўлдилар[1].

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикасининг ўзаро алоқалари 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида янада изчил ривожланмоқда. Ушбу дўстона муносабатлар икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар ва давлатларнинг муштарак интилишлари натижасида тобора мустаҳкамланиб, мазмунан бойиб бормоқда.

Айниқса, давлатлараро фуқароларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш борасидаги муносабатларнинг икки томонлама шартномалар асосида қурилганлиги, ҳар икки давлат фуқароларини адолатли меҳнат шароитларида ишлашларига замин яратди. Бунга 2011 йил 23 августда имзоланган, 2012 йил 1 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасидаги “Бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти тўғрисида” Битимни[2], 2012 йил 13 декабрда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчиларни Корея Республикасига юбориш тўғрисида Англашув меморандумини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўла ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Юртимизда Жанубий Кореянинг 79 компанияси ваколатхоналари очилган[3]. Ушбу корхоналарда мингдан ортиқ Корея Республикаси ва бошқа хорижий давлатларнинг етакчи мутахассислари ўз меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда Бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудидаги вақтинчалик меҳнат фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида 2011 йил 23 августда Тошкент шаҳрида имзоланган битимни самарали амалга ошириш мақсадида 2012 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 331-сон Қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ Ўзбекистонда Корея Республикаси фуқароларининг ишлаш учун рухсатнома амал қилишининг энг узоқ муддати ўрнатилди[4].

Шунингдек, 2013 йил 1 июлда Корея Республикаси билан меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Корея Республикаси билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1993-сон Қарори қабул қилинганлигини қайд этиш лозим[5].

Мазкур Қарорга биноан бандликка рухсат бериш тизими бўйича Меморандумга мувофиқ ўтказиладиган тест синовларида қатнашганлик ва кўникмаларни баҳолаганлик учун тўланадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг маблағлари Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг даромади ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган.

Биргина ўтган 1995-2011 йиллар давомида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюролар томонидан 30667 нафар фуқаро Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилганлиги ҳам бу борадаги амалга оширилаётган ишларнинг салмоғидан дарак беради.[6]

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасидаги “Бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти тўғрисида” Битимнинг 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига келаётган Корея Республикаси фуқароларига меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома Битим 5-моддасининг 2-бандида назарда тутилган визани узайтиришнинг тегишли муддатларига, бироқ уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

Мазкур Битим қуйидаги тоифадаги Корея Республикаси фуқароларига нисбатан татбиқ этилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва тижорат фаолияини амалга ошираётган чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг юқори малакали ходимлари ёки вакиллари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандлари (виза 3 йил муддатга узайтирилади);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва тижорат фаолияини амалга ошираётган юридик шахсларнинг ваколатхоналарида вақтинчалик ишловчи Корея Республикасининг юқори малакали ходимлар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандлари (виза меҳнат шартномаси узайтирилган муддатга узайтирилади, аммо 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга; юридиик шахсларнинг ваколатхоналарида аккредитация қилиниши лозим бўлган ходимларнинг меҳнат фаолияти учун рухсатнома олиш талаб қилинмайди);

Корея Республикаси ҳудудида жойлашган, аммо ушбу гуруҳга тегишли Ўзбекистон ҳудудидаги бир гуруҳ компаниялар билан ёки ушбу гуруҳдаги бир компания билан меҳнат шартномасини тузган Корея Республикаси фуқаролари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандлари (виза меҳнат шартномаси узайтирилган муддатга узайтирилади, аммо 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга)

Битимга мувофиқ давлатларга кириш учун тақдим этиладиган дастлабки виза дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муасасасалар томонидан 1 йил муддатга берилади, ушбу муддат давомида виза олган шахс чекланмаган миқдорда давлатга келиш ва кетиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси масалалари бўйича давлатлараро ҳамкорликнинг ўсиб бораётган кўламларини, Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш учун иш ўринлари бериш хоҳишини билдирган мамлакатлар ва чет эл компаниялари сони кўпайганлигини ҳисобга олиб, шунингдек республика фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетишини ташкил этиш тизимини ва унинг механизмини тартибга солиш, фуқароларнинг чет элларда ишга жойлашишини таъминлайдиган меҳнат органлари инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 12 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.

Ушбу қарорга мувофиқ Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида ишга жойлашишини таъминлаш масалаларини ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, шунингдек, фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларига юкланган. Бугунги кунда шундай минтақавий бюролар Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона, Қарши ва Нукус шаҳарларида ташкил қилинган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида икки давлат фуқароларини эркин ҳамда адолатли меҳнат шароитларида ишлашлари, ижтимоий таъминот, суғурта, визаларни қўлга киритишдаги тартиб-таомилларни енгиллаштиришга қаратилган барча ташкилий ҳуқуқий асослар яратилган. Бугунги кунда давлатларимизнинг ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлиги кенг кўламда ривожланмоқда.


Тўлқинбек Исмоилов, 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси 
Бекзод Мусаев,  
Тошкент давлат юридик университети мустақил тадқиқотчиси