Озодликни чеклаш тариқасидаги жазо ва унинг ҳуқуқий аҳамияти
Дата: 05.10.2015
Маълумки, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар бош мақсад сифатида мустаҳкамланган.
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳам босқичма-босқич ва маълум изчилликда амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртбошимиз таъбири бўйича ушбу ислоҳотлар асосан миллий давлатчилигимиз, тизимини шакллантириш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлган ислоҳотларни ўз ичига қамраб олди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жамиятни демократлаштириш ва модернизациялаш, сиёсий ҳаётни, қонунчилик ва ижтимоий соҳани изчил янгилашда ғоят муҳим роль ўйнади.
Ушбу ислоҳотлар хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига жазоларни либераллаштириш масалаларига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунларда ўз аксини топди.
Бу жазо тури мамлакатимиз қонунчилигида янгилик ҳисобланади.
Мазкур жазо тури бир қатор мамлакатларнинг, хусусан Россия Федерацияси, Буюк Британия, Франция, Италия, Швеция, Швецария, Испания, Польша каби давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилган бўлиб, моҳияти ва қўлланиш шартлари жиҳатидан ҳар бир давлатда ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Озодликни чеклаш жазоси - суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай таъқиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлиб, фақат асосий жазо сифатида қўлланилади.
Шунингдек, Жиноят кодексида белгиланганидек суд қўлланилаётган таъқиқнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тъақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:
муайян жойларга бормаслик;
оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
транспорт воситасини бошқармаслик;
маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.
Шу билан бирга, суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.
Қонунда белгиланганидек, агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкинлиги назарда тутилади.
Қонунда маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмаслиги белгиланган.
Жиноят қонунида мазкур жазо тури тайинланмайдиган шахслар тоифаси келтирилган бўлиб улар ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслардир.
Қонунда озодликни чеклаш тариқасидаги жазо вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида олти ойдан икки йилгача муддатга тайинланиши белгиланди.
Ўзбекистонда жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати жиноят содир этган шахсга, иложи борича, жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллашдан иборатлигини инобатга олиб, озодликни чеклаш жазоси жиноий жазо сифатида жамиятимизнинг ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий талабларига жавоб беради ҳамда одил судловни инсонпарварлик ғоялари асосида амалга оширишда ижобий натижа беради.
Ю.Ходжиев, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси