Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Одил судловнинг муҳим босқичи:суд жараёнида адвокатнинг роли

Дата: 13.10.2015    

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва мамлакатимизда амалда бўлган бошқа қонун ҳужжатларида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни кафолатлаш масаласи юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни туб моҳиятини ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда маъмурий, фуқаролик, хўжалик ва бошқа ҳуқуқ соҳаларга нисбатан жиноят процессида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этади. Чунки, ушбу муносабатларнинг ҳар доим бир тарафида субъект сифатида давлат, унинг ваколатли мансабдор шахслари намоён бўлади. Шунингдек, жиноят суд ишларини юритиш жараёнида Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлар чекланиши мумкин.

Бинобарин, жиноят процессининг энг муҳим босқичи бўлган судлов ишини юритишда ҳимоячи – адвокат иштирокини сифат жиҳатдан яхшилаш, уларнинг ролини кучайтириш инсон ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда жиддий таъсир этади.

Президентимизнинг “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт-пировард мақсадимиз” номли маърузаларида “суд жараёнида айблов ва ҳимоянинг амалда тенглиги таъминланмоғи ва бунинг учун адвокатура идораларини мавқеини кўтариш”ни устувор вазифа этиб белгилаган эдилар.

Барча соҳаларда бўлгани каби ҳимоя ҳуқуқининг ҳам туб асослари Конституциямизда мустаҳкамланган. Хусусан, унинг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Шунингдек, Конституциянинг 116-моддаcига кўра, айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади, тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган.

Ижтимоий муносабатларни тартибга солишда адвокатнинг ўрни ва ролининг муҳимлиги сабабли айнан адвокат фаолияти билан боғлиқ алоҳида 2 та қонун қабул қилинган. Шунингдек, бошқа қонунларда ва қонун ости ҳужжатларида ҳам адвокат фоалиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.

Амалга оширалаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига мутаносиб равишда адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам босқичма босқич такомиллаштириб борилмоқда.

Жумладан, “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 
31 декабрдаги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан жиноят процессуал қонунчилигига гувоҳнинг адвокати институти, Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги қодексга адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш учун жавобгарликни белгиловчи янги модда киритилди ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига адвокат ролини оширишга қаратилган ўзгартиришлар амалга оширилди.

Яна бир муҳим жиҳат. Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулк ҳимояси, тадбиркорлар фаолиятининг эркинлигини таъминлашда ҳам адвокат роли кучайтирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги қонуни билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.

Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.

Бугунги кунда, Бухоро вилоятида 66 та адвокатлик тузилмаларида, шу жумладан 46 та бюро, 19 та фирма ва 1 та ҳайъатда ишлаётган 118 та адвокатлар жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатмоқдалар.

Жумладан, ушбу адвокатлар биргина 2015 йилнинг биринчи ярим йили давомида жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судларида 1199 та ҳолатда, аппеляция босқичида 97 ҳолатда, кассация инстанциясида 51 та ҳолатда, назорат инстанциясида 52 та ҳолатда иштирок этиб, у ёки бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилганлар.

Таъкидлаш жоиз, муаммоли масалани ҳал этишда адвокат иштирокидаги босқичларнинг кулминацион нуқтаси бу сўзсиз суд жараёнидир. Бунинг яна бир сабаби шундан иборатки, тарихий манбаларда кўрсатилишича айнан суд жараёнида иштирок этган фуқаролар саъий – ҳаракати туфайли адвокатура институти босқима-босқич шаклланган.

Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш керакки, суд жараёнида жиноят процессининг судгача бўлган барча босқичларни текшириш имкони мавжуд. Айни пайтда, адвокатнинг суд жараёнидаги фаоллиги, синчковлиги ҳимоянинг тўлақонли таъминлаш имконини бериш баробарида судланувчининг нафақат ушбу жараёндаги, балки олдинги босқичдаги қонуний манфаатларини кафолатлайди.

Анвар Раҳматов, Бухоро вилояти адлия бошқармаси  бошлиғининг биринчи ўринбосари