Адвокатлик нафақат синчковликни, балки фаолликни ҳам талаб қилади
Дата: 20.10.2015
Маълумки, мамлакатимизда амалда бўлган барча қонун ҳужжатларида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилган. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда маъмурий, фуқаролик, хўжалик ва бошқа ҳуқуқ соҳаларига нисбатан жиноят процессида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этади. Чунки ушбу муносабатларнинг ҳар доим бир тарафида субъект сифатида давлат, унинг ваколатли мансабдор шахслари намоён бўлади.
Бинобарин, жиноят процессининг энг муҳим босқичи бўлган судлов ишини юритишда — адвокат иштирокини сифат жиҳатидан яхшилаш, уларнинг ролини кучайтириш инсон ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга жиддий таъсир кўрсатади.
Президентимиз "Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақсадимиз" номли маърузаcида "суд жараёнида айблов ва ҳимоянинг амалда тенглиги таъминланмоғи ва бунинг учун адвокатура идораларининг мавқеини кўтариш"ни устувор вазифа этиб белгилаган эди.
Барча соҳаларда бўлгани каби ҳимоя ҳуқуқининг ҳам туб асослари Конституциямизда мустаҳкамланган. Хусусан, унинг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Шунингдек, Конституциянинг 116-моддаcига кўра, айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатуранинг фаолият кўрсатиши белгиланган.
Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига мутаносиб равишда авокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулк ҳимояси, тадбиркорлар фаолиятининг эркинлигини таъминлашда ҳам адвокатнинг роли кучайтирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги Қонуни билан "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар, албатта, иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.
Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштироки учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.
Таъкидлаш жоиз, муаммоли масалани ҳал этишда адвокат иштирокидаги босқичларнинг кулминацион нуқтаси бу суд жараёнидир. Бунинг яна бир сабаби шундан иборатки, тарихий манбаларда кўрсатилишича, айнан суд жараёнида иштирок этган фуқаролар саъй-ҳаракати туфайли адвокатура институти босқичма-босқич шаклланган.
Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш керакки, суд жараёнида жиноят процессининг судгача бўлган барча босқичларини текшириш имкони мавжуд. Айни пайтда адвокатнинг суд жараёнидаги фаоллиги, синчковлиги ҳимояни тўлақонли таъминлаш имконини бериш баробарида, судланувчининг нафақат ушбу жараёндаги, балки олдинги босқичдаги қонуний манфаатларини кафолатлайди.
А.Раҳматов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари