Шартнома интизоми – муваффақият гарови
Дата: 22.10.2015
Бухоро вилоят адлия бошқармаси Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш, қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларда шартномавий-ҳуқуқий ишларни яхшилаш, доимий таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бўлимга 2015 йилинг 9 ойи давомида шартномавий муносабатларга оид80 га яқин ариза ва шикоятлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 46 фоизи важлар ўз тасдиғини топганлиги сабабли қаноатлантирилган.
Хусусан, бўлим томонидан Когон туман “Сиёз поён” ҚФЙ ҳудудидаги “Агросаноат Ҳосил Сервис” фермер хўжалиги бошлиғи Б.Ғуломовнинг фермер хўжалигига ажратилган ер майдони олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, вилоят адлия бошқармасига ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш натижасида “Агросаноат Ҳосил Сервис” фермер хўжалигига ажратилган ер участкаси фермер хўжалиги раҳбари Б.Ғуломовнинг ушбу ер участкаларини захирага топшириш ҳамда туман ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги аризаси ҳамда туман ҳокимининг ушбу фермер хўжалиги ер участкаларини захирага олиш тўғрисида қарори бўлмасада, туман ҳокимининг 2009 йил 9 декабрдаги қарори билан “Шодибобо Аҳмад” фермер хўжалигига қўшиб берилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида мазкур камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан Когон туман ҳокимлигига киритилган тақдимнома натижасида туман ҳокимининг 10.07.2015 йилдаги қарори билан туман ҳокимининг 09.12.2009 йилдаги қарори бекор қилинган.
Шунингдек, Ғиждувон туман Соктари қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Шаропов Бухоро вилоят адлия бошқармасининг ишонч телефонига Ғиждувон туманидаги “Кўкча” наслчилик ширкат хўжалиги томонидан шартнома шартларига риоя қилинмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат Бухоро вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда “Кўкча” наслчилик ширкат хўжалиги ходимлари томонидан фуқаро М.Шароповнинг ижара шартномаси асосида берилган яйлов чегаралари белгилаб берилиб, мурожаат қаноатлантирилган.
Бўлим томонидан шартномавий муносабатларга оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш мақсадида белгиланган иш режага асосан доимий равишда жойларда ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 2015 йилнинг 9 ойи давомида жами 32 196 та шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида қонунбузилишлар аниқланган.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 69 та тақдимнома киритилган.
Уларга асосан масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилган, баъзи ходимлар эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Аксарият ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими томонидан 2015 йил II ярим йилликка мўлжалланган иш режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг июль-август ойларида вилоят омухта ем сотиш бирлашмаси тизимидаги Бухоро, Вобкент, Пешку, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон, Жондор, Қоракўл, Олот, Когон ва Қоровулбозор туман омухта ем сотиш шахобчалари фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 августдаги 218-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятларини бажарган фермер хўжаликларига контрактация шартномасидан ортиқча топширилган пахта хом ашёсини қайта ишлашдан олинган пахта шроти (кунжара) ва пахта чигити шелухасини сотиш тартиби тўғрисида”ги низом ижроси ўрганилди.
Ўрганиш якунига кўра аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик тўғрисида бирлашмаларга жами 11 та тақдимнома, туманлар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари ҳамда туман фермерлар кенгашларига жами 12 та огоҳномалар киритилди.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Бухоро вилоят “Ўсимликларни ҳимоя қилиш” маркази, унинг тизимига кирувчи Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Олот ва Жондор туман отрядлари фаолиятида фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш юзасидан шартномаларнинг тузилиши ва бажарилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи саволнома асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш якунига кўра аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик тўғрисида марказ ва отрядларга жами 7 та тақдимнома киритилди.
Шунингдек, вилоят хўжалик судига фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб, Олот, Пешку ва Жондор туман отрядлари ҳисоб рақамларида асоссиз равишда сақланиб келинаётган муддати ўтган кредитор қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида 23 102 000 сўмлик жами 25 та даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари, айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш юзасидан Олот ва Пешку туман Давлат солиқ инспекцияларига 2 та ҳамда Олот туман прокуратурасига 1 та таклиф юборилди.
Киритилган таъсир чоралари ижроси ҳозирда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
2015 йилнинг 9 ойи давомида шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида 1 млрд. 827 млн. 365 минг сўмлик 417 та даъво аризалари киритилди.
Бўлим томонидан Қоровулбозор туман фермерлар кенгаши раиси Р.Яҳёевнинг “Когондонмаҳсулотлари” АЖ томонидан Қоровулбозор туманидаги 86 та фермер хўжаликларининг топширган маҳсулотлари учун шартномада белгиланган муддатларда якуний тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли шартнома шартлари бузилаётганлигидан норози бўлиб, ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топганлиги сабабли 2015 йил ҳосилидан топширилган бошоқли дон учун тўловларни фермер хўжаликлари фойдасига ундириш мақсадида вилоят хўжалик судига 522 919 минг сўмлик жами 86 та даъво аризалари киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорларига кўра ушбу даъволар қаноатлантирилди.
Шунингдек, Жондор туман Фермерлар кенгашининг “Қоракўлдонмаҳсулотлари” АЖ томонидан Жондор туманидаги фермер хўжаликларининг топширган маҳсулотлари учун шартномада белгиланган муддатларда якуний тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли шартнома шартлари бузилаётганлигидан норози бўлиб, ёзган мурожаати ўрганилди. Шундай қилиб вилоят хўжалик судига 1 175 762 000 сўмлик жами 255 та даъво аризалари киритилди ва ушбу даъво аризалари ҳозирда суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ш.Тойиров, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи