Тақдирингизга бефарқ бўлманг!
Дата: 23.10.2015
Саломатлик тенгсиз бойликдир. Оиладан бир кишининг касалликка чалиниши, бемор бўлиши барча оила аъзоларининг ҳаловатини олади. Агар бу дард бедаво бўлса-чи, бу — рўзғорга анча зиён, оиладаги осойишта вазиятга ҳам зимдан дарз етказади. Фарзанд кутаётган ота-она борки, аввало, боласининг соғлом туғилиши ва соғ-саломат улғайишини ният қилади. Қўйингки, ота-онанинг ҳам соғ-омон узоқ умр кўриб фарзандларига суянч тоғи бўлиб юриши катта давлатдир.
Аждодларимиз насл-насаб, етти пушт тозалиги, авлод соғлиғига ўта аҳамият беришгани бежизга эмас. Икки жуфт бир-бирига муносиб кўрилиб, авлодлар давомийлигига пойдевор қўйилар экан, нафақат бунда жисмонан, балки руҳан, маънан соғломлик назарда тутилган. Бугунги никоҳ олди тиббий кўрик замирида ана шундай миллий қадриятларимиз, азалий анъанларимизни англаш мумкин. Давлатимизнинг инсон ҳаёти, келажагига ғамхўрлигини қарангки, ёшларимизнинг янги катта ҳаёт бўсағасида дадил, ишонч ва хотиржам, улкан умидлар билан қадам ташлаши учун тенгсиз имкониятлар яратиб берган. Тиббий кўрик бепул бўлиши баробарида беминнат ҳамдир, унинг махфийлиги кафолатланган. Қолаверса, саломатлик ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Янада муҳим жиҳати, тиббий маданият ва ўз тақдирига масъуллик ҳақидаги тушунчаларни мустаҳкамлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, никоҳ олди тиббий кўрик саломатлик билан бирга кези келганда қуда-анда тутинмоқчи бўлган икки оиланинг маънавиятини ҳам намоён этади. Шу боис, ёшларнинг никоҳга қадар тиббий кўрикдан ўтиши мажбурийлигини бир машмаша деб қаровчилар ўта калтабин кишилардир, деган бўлардим. Буни ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Эр-хотиндан бирининг ёхуд фарзандининг касаллиги сабаб ажрашиб кетган ва кетаётган оилалар сони озми?! Асрлар оша оилани муқаддас деб билган, унинг шаънини ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилиб келган аждодлар наслидан эканлигимизни унутиб қўяётганимиз асорати бу.
Нодира Мардонова, Бухоро шаҳар 2-сон ФҲДЁ мудираси