Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларга яратилган шарт-шароитлар

Дата: 26.11.2015    

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси

Конституцияси қабул қилинган кун

“Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради”.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 58-моддаси)

Мамлакатдаги ҳуқуқий воқелик конституция ва қонунларга асосланган ҳолда шаклланади. Конституция ўз навбатида мустақил давлатимизнинг тараққиёт йўлини белгиловчи асосий ҳужжатдир. Бу борада давлатимиз раҳбари алоҳида тўхталиб, қуйидагича таъкидлайди: “Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жиҳатдан конституциямиз қандай бўлишига боғлиқ”.

Фуқаролик жамиятининг барча мезонлари Конституцияда ўз аксини топган бўлиб, ундаги нормалар асосида ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ҳаётида муҳим рол ўйнайди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида аҳоли турли қатламларининг мақсад ва муддаолари ҳамда манфаатларини ифодаловчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни катта.

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган бўлиб, асосий Қонунимизда ҳам мазкур институтларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилангани жамиятда инсон омили устуворлигини таъминлашда ўз самарасини бермоқда.

Конституциямиз асосида айни соҳага тегишли икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниши, жумладан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлари амалиётга татбиқ этилиши фуқаролик институтларини янада равнақ топтиришга муҳим ўрин тутмоқда.

Бугунги кунда, фуқаролик жамиятининг барқарор институти ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этаётир. Улар умумдавлат аҳамиятига молик дастурлар ижросини таъминлашга муносиб улуш қўшиб, аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини кучайтириш, бандлик кўрсаткичини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшлар таълим-тарбияси, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш каби долзарб йўналишларда салмоқли лойиҳаларни рўёбга чиқараяпти.

Таъкидлаш керакки, 2007 йилда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун мазкур институтнинг давлат ва жамият ҳаётидаги мақомини янада мустаҳкамлади. Агар 1991 йилда юртимизда 95 ННТ фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 8.200 дан ошди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатда ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган принципиал, ғоятда аҳамиятли қатор нормалар белгиланди.

Унга кўра, 2014 йилнинг 1 январидан ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайтирилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмаларини, жумладан, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун давлат божи ундирилмаслиги, ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи белгиланган миқдорнинг эллик фоизи миқдорида ундирилиши алоҳида эътиборга моликдир. ННТни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлар бир ой муддатда кўриб чиқилиши айни муддаодир.

Шу билан бирга Адлия вазирлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш устуворлик касб этмоқда.

Ушбу мақсадда ўтган давр мабойнида жойларда адлия органлари ташаббускорлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тегишли давлат идоралари мутасаддилари иштирокида қатор семинар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида дуч келаётган айрим камчилик ва муаммоларни бартараф этишнинг конструктив йўллари белгиланиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз Конституцияси негизида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун шакллантирилган ҳуқуқий база, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, ижтимоий шериклиги демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминламоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятидаги ижобий сифат кўрсаткичлари халқимизнинг турмуш даражасини янада юксалтириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, соғлом турмуш тамойилларини кенг тарғиб этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим йўналишларда аниқ ва пухта лойиҳаларнинг амалий ифодасини топишида ёрқин акс этмоқда.

Мухтор МАҲКАМБОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Сектор мудири.