Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасининг ҳуқуқий асослари

Дата: 02.12.2015    

Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш тизимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг тутган ўрни беқиёсдир. Жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш шароитида мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини танқидий нуқтаи-назардан кўриб чиқиш, уларга бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг сифатини янада ошириш зарурати пайдо бўлмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мукаммал, янги ижтимоий муносабатлар кўлами ва даражасига мос равишда қабул қилиш жараёнида экспертиза институти муҳим аҳамият касб этади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини экспертиза қилиш – ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, қонунчилик ҳужжатларининг мукаммал тайёрланиши, ижтимоий ҳуқуқий-муносабатларни тартибга солиш механизмини таъминлаш ҳамда республикамизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ўта мураккаб ва серқирра жараён ҳисобланмиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, ушбу лойиҳаларни ҳар томонлама экспертиза қилиш, қабул қилиш ҳамда уларни ижросини таъминлаш билан боғлиқ фаолият мунтазам равишда илмий-амалий жиҳатдан таҳлил этиб борилиши лозим.

Зеро, Президентимиз И.А.Каримов ўзининг “Янгича фикрлаш ва ишлаш — давр талаби” асарида “Қонунларни ишлаб чиқиш ва уларни рўёбга чиқариш тартиботини яратишга мустақил экспертлар, халқаро марказлар, чет эл мутахассислари кўпроқ жалб этилиши керак” деб таъкидлаганлар.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертиза қилишнинг муайян ҳуқуқий асослари яратилган. 

2012 йил 24 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, экологик экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин.

Экспертлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақилдирлар ва улар экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ бўлмайди.

2006 йил 11 октябрда қабул қилинган “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг III боби қонунлар лойиҳаларининг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ва қонун лойиҳаларининг экспертизасига бағишланган.

Мазкур Қонуннинг 23-моддасида қонун лойиҳаси устидаги иш тугалланганидан сўнг унинг сифатига баҳо бериш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қарорига биноан лойиҳа ҳуқуқий ва бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий-техникавий, экология ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар қонун лойиҳасининг экспертизаси натижалари бўйича тегишли хулоса тақдим этадилар.

Ушбу Қонуннинг 24-моддасида қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозимлиги белгиланган. Ҳуқуқий экспертиза ўтказилаётганда қонун лойиҳаси нормаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги текширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ вазирлик қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Хусусан, вазирлик давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади; норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди; Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади; қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил қилади ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказади в.ҳ.

Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари (2014 йил 28 февраль, рўйхат рақами 2565) билан белгиланади.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома (2013 йил 1 февраль, рўйхат рақами 2420)га асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилишни таъминловчи ҳуқуқий асос бўлиш билан бир қаторда мутахассислар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилнмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасининг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланиши қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифат даражасини кўтарилишига хизмат қилади. Бу эса мукаммал қонунчиликка эришишга замин яратади.

У.Саидова, Ф.Жўраев, Адлия вазирлиги масъул ходимлари