Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият
Дата: 10.12.2015
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси
Конституцияси қабул қилинган кун
“Давлат фуқароларнинг Конституция
ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 43-моддаси.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги демократик ислоҳотлар стратегиясининг негизи сифатида белгиланган. Бинобарин, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Конституциямизда ўз ифодасини топган.
Шу асосида истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида қатор конституциявий қонунлар, 16 кодекс ва 700 дан ошиқ қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, хусусан, БМТнинг 6 та асосий ҳужжати ратификация қилинди.
Дарҳақиқат, ўтган даврда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва ээркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга доир салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон бугунги кунда айни соҳанинг қатор йўналишлари бўйича дунёнинг аксарият давлатларига намуна бўлаётганини хорижлик экспертлар алоҳида таъкидлаётгани бежиз эмас. 2008 йилнинг январидан бошлаб мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани, ҳуқуқни қўллаш амалиётига “Хабеас корпус” демократик институтлари, ярашув институти жорий этилгани халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш изчил давом эттирилмоқда, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга доир бошқа чоралар кўрилмоқда. Суд, прокуратура, адвокатура каби идоралар билан бир қаторда Конституциявий суд, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Репсубликаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, шунингдек, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари таркибида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармалари ташкил этилиши ва улар ўз фаолиятини самарали олиб бораётгани айни муддаодир.
Фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданиятга эга бўлиши жамиятда қонунийлик ва адолат тамойиллари устуворлигининг асосий омилларидан ҳисобланади. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол иштирок этиши зарур. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқаролар ва давлат ўртасида боғловчи бўғин бўлган ҳамда қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятидан кенг фойдаланилмоқда. Улар ижтимоий-иқтисодий дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, фуқароларнинг ижтимоий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятимизда маънавий-ахлоқий муҳит, бағрикенглик ҳамда динлараро тотувликни мустаҳкамлашда муносиб ҳисса қўшмоқда. Бугун республикамизда фаолият кўрсатаётган 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.
Шу ўринда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларнинг рўёбга чиқарилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини айтиб ўтиш жоиз. Дастурий ҳужжатдаги қонунчилик ташаббусларининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни янада равнақ топтиришга, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштиришдан иборат. Концепцияга мувофиқ "Ижтимоий шериклик тўғрисида”, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонунлар ва бошқа қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашда давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлади.
Шунингдек, фуқароларнинг одил судлов оқали ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш, судларга бўлган ишончини янада кучайтириш чора-тадбирлари инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Мисол учун, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши тўғри йўлдан адашган, лекин хатосини ўз вақтида англаб етган шахсларга жамиятда яна ўрнини топиши учун имкон бермоқда, десак янглишмаймиз. Ҳозирда озодликдан маҳрум қилинганлар сони бўйича энг кам кўрсаткич дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистонда қайд этилиши бунинг ёрқин далилидир. Қолаверса, жорий йилнинг 10 ва 20 августида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар асосида жиноятлар классификацияси ўзгартирилиб, бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда наинки суд-ҳуқуқ, балки барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон ва унинг эркинлигини, қонуний манфаатларини таъминлашдек олий мақсад мужассамки, бу жамиятимиздаги барқарорликда, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий норманинг амалий тасдиғини топишида муҳим омил бўлаётир. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти органларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мамлакатимизни янада демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнида уйғунлик касб этмоқда.
Л. МАҲМУДОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи.