Имкониятларнинг кенгайиши иқтисодий юксалишга асос бўлади
Дата: 15.12.2015
БУХОРО вилоят адлия бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Мамлакатимизда тадбиркорликка оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси: амалиёт ва муаммолар” мавзуида конференция ташкил этилди.
Сенат аъзолари, ҳуқуқшунос ва иқтисодчи олимлар тадбиркорликка оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида иштирокчиларга кенг тушунтиришлар беришди.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигининг асосий омилларидан бири эканлиги, бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариши таъкидланди. Уларни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад эса бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш баробарида, юртимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборатдир.
Шу боис вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “ягона дарча” марказлари ташкил этилиб, улар фаолиятини 2016 йил 1 январдан бошлаш чоралари кўрилаётганлиги тадбиркорлик субъектларига яратилган кенг имкониятлардан далолатдир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан тадбиркорлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, амалдаги 10 та кодекс ва 33 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Анжуманда қонунчиликдаги янгиликлар нафақат иқтисодий, балки кўпгина ижтимоий масалаларни ҳам ҳал этиши аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ ва бир хилда қўллаш бўйича амалиёт таҳлилидан келиб чиқиб тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хомид ХОТАМОВ, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими