Огоҳлик - давр талаби
Дата: 15.12.2015
Бугунги глобаллашув жараёнида “Оммавий маданият” таъсири остида миллатнинг ўзлигини, маънавиятини, қадриятларини сақлаб қолиш катта муаммога айланиб бормоқда. Турли маънавий таҳдидлар қаторида одам савдоси билан боғлиқ масалалар бизнинг мамлакатимизда ҳам кўпчиликни ташвишлантиряпти. Ўз тараққиёт йўлидан оғишмай илгарилаётган юртимизда бундай нохуш ҳодиса барчани ҳушёрликка, огоҳликка даъват этади. Одам савдоси уюшган трансмиллий жиноят бўлиб, бунда одамлар сотиб олиниши, сотиб юборилиши, ҳадя қилиниши мумкин. Жабрланувчилар яъни товарга айланган шахслар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиниб, чегаралардан ўтказилиб сотиб юборилади. Бундай жиноятлар одамларни мажбурий меҳнатга, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон аъзоларини трансплантация қилиш, чақалоқларни сотиш, инсонларни тиланчиликка мажбурлаш, мажбурий никоҳ каби кўринишларда намоён бўлади.
Наркотрафик, қурол-яроқ савдоси қаторида бу сердаромад жиноят соҳаси ҳам халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра йилига 2.7 млн. киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Жаҳон миқёсида ҳар йили 700-800 минг нафар бола ва аёл алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, улардан жиноий мақсадларда фойдаланилмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, одам савдоси жиноятчилар учун сердаромад манбалардан бири бўлиб қоляпти. Айни пайтда ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларнинг йиллик даромади 30 млрд. АҚШ долларидан ошади.
Одам савдосига қарши курашда фақат бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб боргани билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам беришда кенг миқёсли ҳамкорлик талаб этилади. Шу сабабдан одам савдосига қарши кураш масаласи БМТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 4-моддасида “Ҳеч ким қулликка ёки қарамликда сақланиши мумкин эмас, қуллик ва қул савдосининг барча турлари тақиқланади”, деб белгилаб қўйилган норма деярли барча мамлакатларнинг асосий қонунига акс этганига қарамасдан одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларнинг тобора кучайиб, фаолият олиб бориш ҳудудларининг кенгайиб бориши бугунги кунда одам савдосига қарши жаҳон мамлакатларининг биргаликда жиддий ҳаракат қилишларини талаб этмоқда.
Шунинг учун кейинги йилларда қатор мамлакатларда одам савдосига қарши курашга жиддий эътибор берилмоқда. Масалан, 2003 йилда Швейцария Федерал полицияси ҳузурида Одам ва мигрантлар савдосига қарши мувофиқлаштирувчи бошқарма ташкил этилган. Канада давлатида эса 2006 йилда Одам савдосига қарши курашни мувофиқлаштирувчи миллий марказ ташкил этилган. 2012 йил 19 июнда Брюсселда Европа Иттифоқининг Одам савдосига қарши курашиш бўйича 2012-2016 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилган.
Бу борада Республикамизда ҳам фаол ҳаракат амалга оширилаётганлигини кўриш мумкин. Ўзбекистон хорижий давлатлар билан шу кунгача уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳақида 30 га яқин шартнома ва келишув имзолаган. Конституциямизнинг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шавқатсиз ёки инсон қадр – қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумким эмаслиги белгилаб қўйилган. 2008 йилнинг 18 апрелида кучга кирган “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколини ратификация қилиниши ҳам бунга мисол бўла олади.
Малакатимизда одам савдосига қарши курашиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётгани сабабли самарадорликка эришилаётганлигини халқаро ҳамжамият ҳам тан олмоқда. Шунга қарамасдан хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ, бу иллатга қарши ҳар томонлама кураш олиб бориш барчамизнинг бурчимиз бўлиши лозим.
Ғ. Ахатов, Жондор туман ФҲДЁ бўлими инспектори