Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунни амалиётда қўлланилишидаги айрим жиҳатлари

Дата: 16.12.2015    

Бугунги шарҳимиз “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонун ижросининг асосий йўналишлари”га бағишланади.

Албатта, ўтган даврда мамлакатимизда улкан демократик ислоҳотлар амалга оширилди, жамият ўз тараққиётида янги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий босқичга кўтарилди, энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ўсди.

Бундай ўзгаришлар, ўз навбатида, амалдаги қонунчиликни, шу жумладан фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни, унинг нормаларини бугунги кун талабларига мослаштиришни тақозо этди.

Кўпчиликка маълумки, мазкур қонун ҳужжати устида республиканинг масъул вазирлик ва идоралари қаторида прокуратура ва адлия органлари томонидан анча йиллар давомида фаол ишланди. Шунингдек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий ва МДҲ давлатлари амалиёти ҳам ўрганиб чиқилди.

Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, хорижий мамлакатларда (Германия, Канада, Норвегия, АҚШ, Швейцария, МДҲнинг айрим давлатлари) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масалаларини тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

Айниқса, Қонунни ишлаб чиқишда асос бўлган фикр юртбошимизнинг маърузаларидаги “Ҳар қайси мурожаатнинг ортида тирик жон турибди, уларда кимнингдир арз-доди, керак бўлса, дарди, айрим амалдорлар томонидан йўл қўйилган адолатсизлик турганини ҳеч қачон унутмаслик лозим” деган сўзлари ҳар бир фуқаронинг юрагига, масъул шахснинг эса диққатига етиб борди деб ўйлаймиз.

Конституциямизнинг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

Демак, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи бу конституциявий ҳуқуқдир.

Энди, янги қабул қилинган қонунни ижро этилишидаги асосий йўналишларига қисқача тўхталиб ўтсак.

- Аввалом бор, қонунга мувофиқ нафақат жисмоний шахсларнинг балки юридик шахсларнинг ҳам мурожаатларини тартибга солиш белгиланди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, кўриб чиқиш ва қонуний тўхтамга келиш учун мазкур Қонунни мукаммал билишнинг ўзи етарли эмас.Албатта у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларини ҳам билишимиз керак.

Давлат органларига мурожаатлар келиб тушганда уларни фарқлаш учун аввалам бор биз юридик шахс тушунчасини билишимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 39-моддасига кўра, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади.

Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги қарори билан “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати” тасдиқланганлигига эътибор бериш лозим. Унга мувофиқ, хусусий тадбиркорлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатлари жисмоний шахсларнинг мурожаатлари сифатида рўйхатга олинади.

- Қонуннинг амал қилиш доираси (чегараси) аниқлаб олиниб, унда ушбу қонун талаблари фуқаролик, жиноят ва хўжалик процессуал ҳамда жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, шунингдек давлат органларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан тадбиқ этилмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Жиноят процессуал кодексида эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоят 3 суткада, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар 10 суткада, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларида протест келтириш тўғрисидаги ариза 1 ойда, иш талаб қилиб олинадиган ҳолатларда эса 2 ойда, Жиноят-ижроия кодексида маҳкумнинг четга чиқишга рухсат сўраб ёзган аризаси 1 суткада, Меҳнат кодексида ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси 3 кунда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

- Мурожаатларнинг қонундаги мавжуд оғзаки ва ёзма шакллари қаторига “электрон” шаклдаги мурожаатлар қўшилди ва бу мурожаат шакли ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

 Бироқ бу мурожаатлар электрон ҳужжат сифатида “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида” Қонуннинг 5-моддаси талабларига жавоб берадиган, электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот бўлиши лозим.

- Қонунда, мурожаатлар қўйиладиган талаблар белгилаб қўйилди.

Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

юридик шахснинг мурожаатида унинг реквизитлари тўлиқ кўрсатилиши, корхона раҳбари ёки ваколатли шахс имзоси билан, электрон мурожаат эса электрон рақамли имзо (шифр) билан тасдиқланган бўлиши, шунингдек мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги каби талаблар ўз аксини топди.

Ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат бу ишончнома бўлиб, давлат органининг масъул ходими ишончнома тушунчасини, нима мақсадда берилишини, ишончнома шаклини ва расмийлаштирилиш тартибини, амал қилиш муддатларини албатта билиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 134-моддасига кўра, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади.

Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 138-моддасига асосан, юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади.

Юридик шахс номидан берилган ишончномани нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Фуқаролик кодексининг 140-моддасига кўра, ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги қарори билан “Апостиль қўйиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган, хорижий давлатлар фуқаролари, юридик шахслари ёки уларнинг вакилларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишда (мисол учун Қозоғистон, Россия) ишончномани қонун талабига жавоб беришидан ташқари Минск Конвенциясига асосан хорижий давлатнинг Адлия вазирлиги томонидан ишончномани ҳаққонийлигини тасдиқлаб берилган апостели мавжудлигига ҳам эътибор бериш лозим.

Бундан ташқари, ишончнома талаб этилмайдиган ҳолатларга ҳам эътибор қаратиш лозим.Фуқаролик кодексининг 28-32-моддаларида, вояга етмаган болаларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари, васий ёки хомийлари томонидан берилган мурожаатларга ишончнома талаб этилмайди.

Жумладан, Фуқаролик кодексининг 32-моддасига кўра, васийлар ва ҳомийлар ўз ҳимояларидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар қандай шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судларда ҳам махсус ваколатсиз ҳимоя қиладилар. Юридик шахс номидан берилган ишончномани ҳам нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига қўйиладиган ушбу талаблар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, мурожаат этаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар орқали шахсни аниқлаштириш (идентификация) имкониятини беради, иккинчидан, мурожаатни белгиланган муддатда кўриб чиқиб, асослантирилган жавобларни бериш имкониятини беради.

Шу билан бирга, халқаро нормалар талабларидан келиб чиқиб, мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Бу қоида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 14-моддасида, ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

- Мурожаат этувчиларининг хавфсизлиги кафолатларига - мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади – деган янги халқаро норма киритилди.

Шарҳланаётган модда мурожаат этувчиларнинг ўз мурожаатлари муносабати билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш механизмини белгилайди. Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги Конвенциянинг 
(Рим, 1950) 13-моддасида, Конвенцияда тан олинган ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳар бир шахс давлат органлари орқали ҳаттоки бу ҳуқуқ бузилиш ҳолати расмий доирада фаолият юритувчи шахслар томонидан бузилган бўлса ҳам ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларига бўлган ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган.

- Мурожаатларни кўриб чиқиш тартибларига ҳам янги нормалар киритилди, яъни мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи сўраган қўшимча ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Бу масалада, 05.05.2014 йилдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ЎРҚ-369-сон Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2015 йилдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 120-сон Қарори қабул қилинган.

Мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш зарурати юзага келса, унда Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, “Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари асосида амалга оширилиши лозим.

- Мурожаатлар кўрмай қолдириш, яъни аноним, ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган мурожаатлар ва қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўрмасдан қолдирилади.

“Аноним” деган сўз юнончадан олинган бўлиб номаълум, номсиз деб таржима қилинади ва ўзини ошкор қилмаган шахс, имзосиз муаллиф сифатида ифодаланади.

Аноним мурожаатнинг — жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаганлик каби белгилари мавжуд.

Бунда, битта мурожаатда аноним мурожаатнинг барча белгилари жамланган бўлиши ҳам мумкин ёки улардан биттаси ҳам бўлиши мумкин.

Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар жумласига, Қонуннинг 6-моддасида, мурожаатларга қўйиладиган талаблар белгиланган, яъни мурожаатларга унинг моҳияти баён этилганлиги, электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши кераклиги каби талабларга мувофиқ бўлмаслиги кабилар тушунилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, макур Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ягона тартиби ва амалиёти жорий этилишини, уларнинг давлат органларига мурожаат қилишларида юзага келаётган муаммоларни бартараф қилинишини, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлашга, давлат органлари ходимларининг мурожаатларга нисбатан масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Зафар Мустафақулов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи