Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги: якун ва натижалар

Дата: 23.12.2015    

Шубҳасиз, ҳуқуқий тарғиботни такомиллаштириш, ҳуқуқий таълим-тарбияни янги босқичга кўтариш, унинг сифатини тубдан яхшилаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Шу йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтказилган “Ҳу­қуқий саводхонлик ойлиги” ҳам худди шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Эътироф этиш жоизки, ушбу ойлик Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида ташкил этилди. Ойлик доирасида биргина адлия органлари ва муассасалари саъй-ҳаракати билан 800 га яқин учрашув, мулоқот ва суҳбат уюштирилди. Адлия органлари 

ва муассасалари ходимлари телевидение ва радиода 115 та, газета ва журналларда 46 та, интернетдаги веб-сайтларда 30 та чиқиш қилишди.

Бу йилги ойлик қамрови кенг бўлди. Ҳамкорларимиз ёрдами билан чекка-чекка қишлоқлардаги йигит-қизларни ҳам қамраб олишга ҳаракат қилдик. Масалан, “Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида 70 нафарга яқин, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат педагогика университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари, ёш ўқитувчилари ҳамда ҳар бир ҳудудда 20 нафарга яқин “Сиз қонунни биласизми?”, “Тафаккур синовлари” танловлари ғолиблари, “Мунозара” клублари фаолларидан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, улар жорий йилнинг 1 декабридан 15 декабригача мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда бўлиб, Конституциямиз тар­ғиботи билан шуғулланишди.

Шу билан бирга ойлик дои­расида шу йилнинг 11 декабрида Тошкент шаҳрида “Конституциявий ислоҳотлар — давлат бошқарувини такомиллаштиришнинг муҳим омили” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда депутатлар, сенаторлар, суд-ҳуқуқ органлари ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, талабалар иштирок этишди. Шу кунларда конференция материаллари тўплам шаклида нашрга тайёрланмоқда.

Маълумки, 2001 йилдан бери Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Адлия вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Соғ­лом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Конс­титуция — бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам ушбу кўрик-танлов юқори савияда уюштирилди. Жорий йилнинг 12 декабрида Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида кўрик-танловнинг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўт­ди. Ушбу кўрик-танловнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Асосий қонунимизда белгиланган принцип ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга етказишда, улар ўз ҳуқуқ ва бурчларини теран англаган авлод бўлиб камол топишида ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.

Мавриди келганда, адлия органлари ва муассасалари томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили”да Конституциямиз тарғиботига жиддий эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Шу йилнинг ўтган даврида худди шу масалага қаратилган уч мингга яқин тарғибот тадбири ўтказилгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. ФҲДЁ органлари ҳузуридаги “Ёш оила қурувчилар мактаб”­ларида ташкил этилган салкам тўрт ярим мингта ўқув-машғулотида оиланинг конс­титуциявий асослари, никоҳ тузишнинг тартиб-таомиллари ҳақида батафсил маълумот берилган бўлса, 33 та “Меҳрибонлик уйи” ва “Мурувват уйи”да хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Ойлик қамрови, унинг дои­расида ўтказилган тадбирлар ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Ойликда одамларимиз, айниқса, ёшларимиз фаоллик кўрсатишди, уларда Конституциямиз, унинг нормалари асосида қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўрганишга бўлган қизиқиш кучайди. Демак, оз бўлса-да, “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги”дан кўзланган мақсад-муддаога эришилди.

Хулоса ўрнида айтганда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қа­ратилган тарғибот тадбирлари ҳам, ўз навбатида, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг бир бўлагидир. Демак, одамларнинг сиёсий фаоллиги ва фуқаролик масъ­улиятини ошириш масаласига бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаралаётган экан, бу ишга нафақат “Ҳу­қуқий саводхонлик ойлиги” давомида, балки ҳар куни масъулият билан ёндашишимиз керак.

Алижон Очилов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи