Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

Дата: 16.11.2016    

Қаерда қонун ҳукмронлик қилса,

шу ерда эркинлик бўлади.

Амир Темур

Республикамиз мустақилликка эришгач, ўз тараққиёт йўлини танлади. Давлат бошқаруви тизими ва уларнинг вазифа ҳамда функциялари, мазкур органлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.

Барча давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаси этиб қонун устиворлигига эришиш, барча жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият аъзоларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни вояга етказиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш этиб белгиланди.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида мустақил давлатимизнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Асосий Қонунимизда мамлакатимизда жамият ва давлат қурилишининг принциплари аниқ ифодалаб берилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланди. Энг муҳими – инсон ҳуқуқларининг давлат манфаатларидан устунлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулкнинг бошқа мулк шаклларидан устувор эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

2016 йил 8 декабрда Асосий Қонунимиз қабул қилинганлигига 24 йил тўлади. 24 йил миллий қонунчилик тарихида ўзига хос бир даврни ташкил этади. Бу даврни миллий қонунчилик тизими ташкил топган, шаклланган, шаклланаётган ҳуқуқий ислоҳотчилик, қонун яратувчилик кўникмаси, тажрибаси даври деб аташ мумкин.

Асосий Қонунимиз умумэътироф этилган демократик тамойилларга асосланганлиги ва ихчамлиги билан ажралиб туради. Унда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларнинг манфаатлари ҳимояси ҳақли равишда бош ўринни эгаллайди. Ана шу ҳуқуқларнинг, биринчи навбатда, суд томонидан қонуний ҳимоя қилиниши механизмлари белгилаб берилди.

Конституцияда республика давлат суверенитети, ҳуқуқий ва иқтисодий мустақиллик расман қайд қилинди, давлатнинг халқаро ҳамжамият аъзоси сифатидаги мақоми расмийлаштирилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоқларига бўлиниши энг муҳим принцип сифатида белгиланди.

Жамиятни жадал ислоҳ этиш ҳамда мамлакатни модернизация қилишнинг янги даври конституциявий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маъруза билан чиқиш қилган эдилар.

Бугун республикамизнинг қай бир гўшасида бўлманг, мазкур Концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, у хоҳ фермер ёки ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари, давлат ёки нодавлат ташкилот раҳбари бўлмасин, барчаси бир маслак атрофида бирлашиб – она Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий ривожига ҳисса қўшиш, йўлида тинимсиз изланмоқдалар.

Ушбу Концепцияга асосан 2014 йил 16 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-367-сон Қонуни қабул қилинди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палаталарининг ваколат доиралари қайта кўриб чиқилди.

Ушбу Конституциявий Қонуннинг қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида асосий ва ҳал этувчи рол ўйнади. Мана шу қонунга асосан, Бош вазир ваколати ва масъулияти оширилди.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Конституциямизнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, маъно-мазмуни ва моҳиятини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини юксалтириш, шунингдек Конституцияни билиш, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб ва ташвиқ қилиш мақсадида бир қанча устувор вазифалар белгиланди ва шу йўналишда ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилди.

Жумладан, 2016 йилнинг ўтган даври давомида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти юзасидан 405 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Шундан, 10 маротаба телевидениеда кўрсатувлар, 8 маротаба радио орқали эшиттиришлар ва 15 маротаба газеталар ва журналларда мақолалар чоп этилиб, 12 та мақола ВЕБ саҳифага жойлаштирилди.

“Конституция-бахтимиз қомуси”, “Конституция-келажагимиз пойдевори” мавзуларида 80 та семинар ва 89 та маърузалар ҳамда 190 та давра суҳбатлари ташкил этилди.

Мавзуга оид плакат ва буклетлар тайёрланиб, иштирокчиларга тарқатилди.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси ҳамда “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ҳамкорликда умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида “Сиз Конституцияни биласизми” шиори остида турли хил кўрик танловлар ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, ҳар йили 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан республикамиздаги таълим муассасаларида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идораларнинг масъул ходимлари томонидан Конституциянинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 ноябрь - 15 декабрь кунлари Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида ҳуқуқий саводхонлик ойлигини ўтказиш кўзда тутилган.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, шахс дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонунига киртилган ўргартишлар ва қўшимчалар бундан кейин ҳам инсонпарварлик ғояларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг, конституциявий давлатчилик сари бораётган Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг конституциявий-ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бизнинг Конституциямиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади”.

Ҳ.Ҳотамов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими