Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Барқарорлик ва ижтимоий тараққиёт кафолати

Дата: 15.11.2013    

Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади.

Амир Темур.

2013 йил 8 декабрда Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 21 йил тўлади. Бу даврни миллий қонунчилик тизими ташкил топган, шаклланган, шаклланаётган ҳуқуқий ислоҳотчилик, қонун яратувчилик кўникмаси шаклланаётган давр деб аташ мумкин. Миллий давлатчилигимизнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари яратилганлиги билан боғлиқ ана шу ривожланиш ва тажрибалар даври, шубҳасиз, муайян илмий ва амалий хулосалар ҳамда таҳлилий умумлашмаларни табиий тақозо этади.

Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган демократик давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган.

Асосий қонунимизда ҳеч қандай мафкуранинг давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт сиёсий институтларнинг рангбаранглиги, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллигига асосланиши белгилаб берилди. Айни пайтда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги шароитида хусусий мулкнинг устуворлиги конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйилди.

Ана шу тамойилларни инобатга олиб, давлат ва иқтисодиётни бошқаришнинг мустабид, марказлашган тизимига барҳам бериш, мустақил Ўзбекистоннинг янги сиёсий ва давлат тузилиши асосларини, аввало қонунчилик тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда ваколатли ҳокимият органларининг яхлит тизимини ташкил этишга қаратилган ишлар аниқ мақсадни кўзлаб босқичма-босқич амалга оширилди.

Америкалик олим Дональд Карлайнинг буни қуйидагича эътироф этади, “...юрист-ҳуқуқшунос сифатида мен мазкур Асосий Қонун ўз савияси жиҳатидан Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг айнан шундай ҳужжатларидан юқорироқ эканини ишонч билан таъкидлай оламан. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро андозалар ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясига тўла мос равишда ишлаб чиқилган”.

Ўзбекистон давлат қурилиши тизимидаги талайгина ўзгаришлар Конституцияда ҳам ўз аксини топди. Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, ягона ҳукмрон мафкурадан ва фақат синфийликка асосланишдан воз кечилиб, умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси бўлмаслиги, матбуот ва ахборот эркинлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида барча учун виждон эркинлиги кафолатланди. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланди.

Конституциямиз Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Мустабид тузумдан демократик жамиятга, мамлакатни бошқаришда инқирозга юз тутган ўта марказлашган маъмурий – буйруқбозлик ва тенг тақсимлаш тизимидан эркин иқтисодиётга ўтишни таъминлади, давлатчилик ва ҳуқуқ, сиёсат соҳаларида иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган ислоҳотларни амалга оширишда ишончли қонунчилик негизи ва ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда”.

Дунёдаги ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир шахс, ҳеч бир фуқаро ўз ижтимоий-шахсий ҳаётини, ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди. Чунки ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларга бевосита мурожаат қилади ҳамда ушбу Асосий қонунга ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи олий юридик ҳужжат сифатида қарайди. Шунинг учун ҳам демократик жамиятда яшаётган ҳар бир шахс Конституциянинг мазмун моҳиятини чуқур англаб олиши ҳамда шахсий ҳаётида учраб турадиган муаммоларнинг ечимини айнан Конституциядан топа билиши зарур.

Бу борада жамиятда ҳуқуқий билимларни ошириш, айниқса, Конституциямизни ўрганиш юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда, жумладан 2001 йил 4 январдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши бунинг ёрқин далилидир.

Бугунги кунда Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам ушбу вазифаларни рўёбга чиқариш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ўз ўрнида тумандаги бир қатор маҳаллалар, мактаб, коллеж, лицей ўқувчи ва талабалари билан истиқболимиз аҳамиятига молик турли тадбирлар, жумладан мулоқотлар, давра суҳбатлари, семинарлар, доимий ўтказиб борилиши йўлга қўйилган.

Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 45 маротабадан ортиқ ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилган.

Эндиги олдимизда турган вазифа олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот йўналишларининг янги усулларини ва шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда амалда татбиқ этиш бўлиб ҳисобланади. Айниқса, ахборот технологиялари жадаллик билан ривожланиб бораётган бир вақтда, ҳуқуқий тарғиботларнинг махсус электрон дастурли шаклларини жорий этиш лозим.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси - мустақилликнинг қонуний ифодаси, шунингдек буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бизнинг Конституциямиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади”.

Албатта, Бош Қомусимиз, Конституциямиз- барқарорлик ва ижтимоий тараққиёт кафолати, бахтимиз қомусидир!

Баҳром Мардонов,

Бухоро вилоят адлия бошқармаси Пешку туман давлат нотариал идораси нотариуси