Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Табиат муҳофазаси ва экологик назорат

Дата: 15.11.2013    

Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун ўта муҳим масалалардан бўлиб келган. Айниқса, экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳамда глобал муаммога айланган ҳозирги бир шароитда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Шу боис ҳам юртимизда табиат муҳофазасига давлат сиёсати даражасига эътибор қаратилиб, шу йўналишни тартибга соладиган қонунчилик базасини бугунги кун талаби дажасида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. “Халқ сўзи” газетаси мухбири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясини фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасидаги ижросини таъминлаш борасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича комиссияси раиси Анвар УСМАНОВ билан шулар ва мазкур комиссия томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

— Концепцияда назарда тутилган йўналишлардан бири — бу фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш бўлиб, мазкур йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун Президентимизнинг 2011 йил 14 январдаги фармойиши билан махсус Комиссия ташкил этилган эди, — дейди А. Усманов. — Унга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва равожлантиришга оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар, Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат дастури лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклатилди. Ўтган даврда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уларнинг барчаси ишлаб чиқилди. Шулардан 2 таси — янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғриси”даги қонунлар кучга кирди.

— Табиатни муҳофаза қилишда экологик назоратнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, экологик назорат атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи асосий механизмлардан биридир.

— Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб вазифалардан бирига айланди. Шуни қайд этиш керакки, Истиқлол йилларида соҳа қонунчилигини такомиллаштириш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Айтиш лозимки, ҳозирги вақтда экологик назорат соҳасидаги муносабатлар қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий меъёрлар табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги биринчи қонун ҳужжати бўлган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда тўла ифодасини топган. Ўтган даврда ушбу Қонунда белгиланган асосий принциплар асосида табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари босқичма-босқич ва изчил шакллантирилди. Айни пайтда республикада атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликка оид 20 дан ортиқ қонунлар ва юзлаб қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Кўриниб турибдики, юртимизда соҳага оид қонунчилик базаси яратилган. Айни чоғда уни такомиллаштиришни ҳаёт ўзи тақозо этмоқда. Гап шундаки, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда экологик назоратнинг шакл ва турлари, амалга ошириш тартиби, назорат фаолиятининг таркиби ва мувофиқлаштириш механизми, давлат назорати органларининг жамоатчилик билан муносабатлари тўлиқ қамраб олинмаган. Шу билан бирга, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати хизматлари ваколатлари ўртасидаги чегара ҳамда улар томонидан ўз вазифаларини бажариш тартиби белгиланмаган. Жамоатчилик экологик назорати ҳам умумий ҳолда акс эттирилган. Қолаверса, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларда ҳавола қилувчи нормалар назарда тутилганки, бу ҳам амалиётда айрим қийинчиликлар туғдирмоқда. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда эса сув ва сувдан фойдаланиш борасида идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича нормалар белгиланмаган. Ер кодексида ерни муҳофаза қилиш ва ердан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органлари рўйхати ҳамда соҳада идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича нормалар йўқ. Бундай ҳолатлар соҳага тегишли бошқа қонунларда ҳам муайян даражада кузатилади.

Ана шулардан келиб чиқиб, Концепцияда Юртбошимиз томонидан соҳа қонунчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган, атроф-муҳитни ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари роли ва ўрнини бeлгилашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати ҳар томонлама асослаб берилган. Ўтган давр давомида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилди. Ҳозирги пайтда лойиҳа иккинчи ўқиш учун тайёрланмоқда

— Қонун ижодкорлиги жараёнида халқаро тажриба ўрганилди. Бу ҳақда ҳам батафсил сўзлаб берсангиз.

— Табиат ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласи ҳар бир давлатда у ё бу даражада йўлга қўйилган. Баъзи бир давлатларда ушбу масала алоҳида қонун билан қамраб олинмаган, яъни муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар татбиқ этилган. Бошқа бирларида эса атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда экологик назоратни қамраб олган алоҳида қонунлар ишлаб чиқилган. Масалан, Буюк Британияда “Атроф-муҳит ифлосланишини назорат қилиш тўғрисида”ги қонун амалиётда яхши самара бермоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, айрим давлатлар тажрибасида алоҳида ҳудуд билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш амалиёти ҳам мавжуд. Россия пойтахтида “Москва шаҳрида давлат экологик назорати тўғрисида”ги, Ярослав вилоятида “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар ишлаб чиқилгани мисолида буни яққол кўриш мумкин.

Жамоатчилик экологик назорати ҳам хорижий давлатларнинг табиатни муҳофаза қилиш амалиётида кенг тарқалган йўналиш сифатида самарали амалга оширилиб келинаётганлигини айтиш зарур.

Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасида жамоатчилик экологик назорати натижаларини қўллаш (татбиқ этиш) шаклларига ҳам алоҳида урғу берилди. Умуман, қонун ижодкорлиги чоғида жуда кўплаб давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ўрганилди ва ўзимизда мавжуд қонунчилик базасидан келиб чиқиб, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси яратилди.

— Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳият, аҳамияти хусусида тўхталсангиз. Яъни унинг ўзига хос жиҳатлари нималарда кўринади?

— Бу қонун лойиҳасининг асосий мақсади экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда экологик назоратнинг турлари, яъни давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати, уларни амалга ошириш тартиби ва усуллари, экологик назорат субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик назорат натижаларини расмийлаштириш, экологик назорат натижаларини қўллаш шакллари қамраб олинган. Унинг асосий хусусияти ва ўзига хослиги сифатида миллий амалиётга жамоатчилик экологик назорати институти киритилганлигини айтиш мумкин. Бунда фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар жамоатчилик экологик назоратининг субъектлари сифатида белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур ҳужжат жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар роли ва ўрнини юксалтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни соғломлаштиришда кенг жамоатчиликнинг фаоллигини ҳар томонлама оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Мухтасар айтганда, ушбу Қонун қабул қилингач, нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари бугунги кун талаблари даражасида такомиллашади, айни чоғда жамоатчиликнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқий имкониятлари ошади, умуман, фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти янада юксалади. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан, хусусан, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилидан кўзланган улуғвор мақсад ҳам шундан боратдир.