Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезони
Дата: 22.11.2013
Ўзбекистон Республикаси
Конституциясининг 21 йиллигига
Конституциямиз — жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодаси ҳисобланади. Буни мазкур ҳужжатнинг биринчи моддасидан охирги моддасигача инсон ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатлари, Ватан равнақи ва жамият тараққиётига хизмат қилиб келаётган умумбашарий ғоялар сингдирилганида ҳам кўриш мумкин. Асосий Қонунимизда буюк неъматлар орасида энг улуғи – “инсон учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган. Шу асосда “фуқаро-жамият-давлат” ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ҳуқуқий ечимига асос солинган.
Конституцияси мукаммал жамиятнинг ҳаёт тарзида яратувчанлик, миллати қалбида инсонийлик каби эзгу ғоялар ҳамроҳ бўлади. Конституциямиз - халқимизнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ҳамда маданияти, бебаҳо қадриятлари билан йўғрилганлиги, буюк келажакни белгилаб, шу йўлда дадил ва ишонч билан одимлашимизга руҳлантириб келмоқда. Шу боисдан ҳам инсон қадр-қиммати, ор-номуси, ғурури, эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари, фаровон турмуши, келажаги ифодаланган Бош қонунимизни фахр билан қомусий ҳужжат, деб атаймиз.
Бош Қомусимиз мукаммал ҳуқуқий манба эканини халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар, ҳуқуқшунос олимлар ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, Гарвард университети профессори С. Карлайл “Ўзбекистон собиқ иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб, ҳатто, Болтиқбўйи давлатларидан илгари ўз Конституциясини қабул қилди. Қоидаларнинг аниқ ва мукаммаллиги, ўзига хос тузилиши билан алоҳида ажралиб турадиган ушбу Конституция дунёдаги энг мақбул тузилишга эга Конституциялардан биридир”, дея юксак баҳо берганди.
Конституциямиз халқаро меъёрларга тўла мослиги билан ҳам аҳамиятлидир. Франция Давлат кенгаши аъзоси, Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциацияси раиси Д.Мос: “Ўзбекистон Конституцияси ривожланган демократик давлатларнинг Асосий Қонунларига тўлиқ мувофиқдир. Унда демократик давлат қуришнинг барча муҳим тамойиллари — Президентлик институти, ҳукумат, парламент, суд органларининг ваколатлари ва бошқалар ўз аксини топган. Демократиянинг универсал қадриятларига тўлиқ даражада мувофиқ бўлган инсоннинг асосий ҳуқуқлари аниқ белгиланган”, деб қайд этганда ана шу ҳақиқатни назарда тутган.
Асосий Қонунимиз мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ҳамда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётгани бугун барчага аён.
Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик асосида 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари тинч-тотув ва аҳил-иноқ истиқомат қилмоқдалар. Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий ва иқтисодий фаолияти кафолати борасида зарур норматив-ҳуқуқий база яратилган бўлиб шу асосда ННТлар сони ортиб бормоқда. 1991 йилда мамлакатимизда 100 га яқин ННТлар фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 6600 дан ортиқни, 1990 йилда 200 дан ортиқ диний ташкилотлар фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда давлат рўйхатидан ўтган 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар сони 2200 дан ошди.
Фахр билан қайд этиш лозимки, Бош қонунимизнинг барча нормалари ҳаётга тўлиқ жорий этилмоқда ва шу асосида турли соҳаларда улкан ютуқ ҳамда марраларга эришилмоқда.
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодий инқироз билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолаётган бир шароитда Ўзбекистон пухта ўйланган сиёсат олиб бориши натижасида ўз мажбуриятларига тўлиқ жавоб берадиган мамлакат сифатида барқарор орбў-эътиборини сақлашга эришмоқда. 2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзлари миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 16 фоиздан ошмагани, бу кўрсаткич халқаро мезонлар бўйича “ўртачадан ҳам кам” даражада баҳолангани бунинг ёрқин исботи бўлди.
Яна бир мисол. Германиянинг автомобиль саноати бўйича дунёга машҳур “МАН” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида йилига 3 минг дона юк автомобили ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги комплекс бунёд этишнинг иккинчи босқичи якунланди. Ушбу корхонада жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган юқори технологик ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий автомобиллар ишлаб чиқарадиган ушбу корхона нафақат мамлакатимиз эҳтиёжини қоплайди, балки экспорт қилиш имкониятини ҳам беради.
2012 йилда Сурғил кони базасида, ҳатто, дунё мезонлари бўйича ҳам ноёб бўлган, қиймати 25 миллиард доллардан зиёдни ташкил этадиган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши ҳам юртимизнинг иқтисодий юксалиш йўлидаги далил қадамларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу объект қурилиши 2016 йилда ниҳоясига етказилади ва мазкур корхонада 4 миллиард 500 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Дунёдаги йирик “Томсон Рейтер” бизнес-ахборот агентлигининг жаҳонга машҳур “Прожект файненс интернешнл” журнали ушбу лойиҳанинг ноёблиги ва ишга новаторлик билан ёндашиш натижаси эканини қайд этиб, ушбу комплекс қурилишини нефть-газ-кимё саноатидаги йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб тан олди.
Таълим-тарбия соҳасининг яхлит, узлуксиз тизимини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, жумладан, умумий ўрта таълимдан бошлаб ўрта махсус ва олий таълимгача бўлган барча босқичларда юксак билимли, малакали касб тайёргарлигига эга авлодни тарбиялаш жараёнини такомиллаштириш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бу борада умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини, айниқса, қишлоқ жойларда, олис аҳоли пунктларида яшайдиган қизларни касб-ҳунар коллежларига тўлиқ жалб этиш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишларни таъкидлаш зарур. Айни чоғда 2012/2013 ўқув йилида юртимизда 12 йиллик бепул мажбурий таълимга ўтиш тўлиқ таъминланди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Шу ўринда дунёнинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган “Инссад” халқаро бизнес мактабининг 2012 йилги “Инновацияларнинг глобал индекси” маърузасида баён этилган маълумотларни келтириш ўринлидир. Унда дунёнинг 141 мамлакатидаги инновацион ривожланиш комплекс тарзда таҳлил қилинган. Таҳлилнинг асосий таркибий қисмларидан бири инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўлиб, мазкур кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 35-ўринни эгаллагани, айниқса, эътиборлидир. Таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса Ўзбекистон дунёнинг 141 мамлакати орасида 2-ўринни банд этган.
Мана шундай эзгу ишларнинг самараси ўлароқ, Жаҳон банки томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси қарийб юз фоизга етган. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Умуман, Конституциямизни юксак ҳуқуқий ва маърифий таълим дастури, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, унда давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, қонун устуворлиги тўлиқ акс эттирилган. Айнан ушбу ҳужжат шарофати билан ўзбек тилига давлат мақоми берилди, давлат халқ иродасига бўйсундирилди, халқ ҳокимият манбаи сифатида эътироф этилди. Шунга мос ҳолда ижтимоий ҳаётда сиёсий институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги кафолатланди, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати дахлсиз олий қадрият сифатида ҳаётимиздан ўзининг қатъий ўрнини топди, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари мустаҳкамланди.
Шу кунларда давлат ва нодавлат нотижрат ташкилотлари ҳамкорлигида мамлакатимиз таълим муассасаларида “Конституция ҳафталиги”, “Мустақиллик ва конституция: кеча, бугун, эртага” мавзуида “Маънавият соатлари”ни ўтказиш, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, Соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш мақсадида адлия органларининг ФҲДЁ бўлимлари томонидан “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув-машғулотларида оила қуриш остонасида турган ёшларга Бош Қомусимиз ҳақида тушунчалар бериш, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, ёлғиз қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларга мурувват ёрдамларини кўрсатиш тадбирлари ташкил этилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қатори адлия вазирлиги ҳамда унинг муассасалари фаолияти ҳам конституциявий талаблар асосида йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан фаолиятнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.
2012 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 33 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Қонун ижодкорлиги жараёнида, Давлатимиз раҳбарининг кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ташаббуслари асосида қонунларни ишлаб чиқишда халқимизнинг миллий манфаатлари устунлиги, шу билан халқаро қонунчилик илғор нормаларини таҳлил этиш самарадорлиги ортиб бормоқда.
Хусусан, “Обод турмуш йили” Давлат дастурида вазирлигимизга белгиланган Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш, мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган 8 та қонун лойҳаси ишлаб чиқилди, улардан 4 таси параламентимиз томонидан қабул қилинди.
Халқимиз табиатига хос маҳалла институтининг нуфузи ортиб унинг ҳуқуқий мақоми конституция даражасида мустаҳкамланди. Шубҳасиз, миллий ўзликни англаш туйғусини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жамиятимиз олдида турган ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга оширишда ноёб институт сифатида маҳалланинг ўрнини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунларнинг янги таҳрири мазкур институтнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Айниқса, шу кунларда бўлиб ўтаётган 9.756 нафар фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда 97 мингдан зиёд маслаҳатчилар сайланиши белгиланган сайловларда унинг аҳамияти янада кенгроқ намоён бўлмоқда.
Конституциямиз иқтисодий соҳада мулкчиликнинг барча шакллари, шу жумладан, хусусий мулк тенглиги ҳамда тадбиркорлик эркинлиги ўрнатилиб, ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатлари ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва кафолатлар яратиб бераётганини ҳам бугун фахр билан айтиш мумкин. Унинг 36-моддасида “ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли”лиги кўрсатилиб, ушбу ҳуқуқ конституциявий меъёр даражасига кўтарилди ҳамда муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди.
Адлия вазирлиги тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, соҳага оид айрим муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитни яратишга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар тайёрланди. Жумладан, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонундаги бир қатор ҳуқуқий асослардан келиб чиқиб, амалдаги айрим қонунларга ўзгартишлар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ҳамда “Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳужжатлар соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, тадбиркорларга янада кенгроқ эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар ҳамда ўрганишлар, қонун ҳужжатлари таҳлили натижасида аниқланган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 30 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ҳам таклифлар тайёрланди.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашувларни бартараф этиш мақсадида “Текширувларни рўйхатга олиш” китоби 375 минг тадбиркорлик субъектларига тарқатилди. Айни чоғда хўжалик юритувчи субъектларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, жумладан, фермер хўжаликлари, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан миллиондан зиёд шартномаларни тузишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
2012 йил ҳамда жорий йилнинг 9 ойи давомида Адлия органлари томонидан кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида 3.844 ноқонуний қарор бекор қилинди ва ижроси тўхтатилди, тадбиркорлар ва фермер хўжаликларига 102,4 миллиард сўмлик маблағларнинг қайтарилиши таъминланди. Фуқаролар манфаатини кўзлаб судларга 5,2 миллиард сўмликдан ортиқ 7.252 та даъво аризаси киритилган, шундан 5,1 миллиард сўмлик 6.678 та даъво аризаси қаноатлантирилди.
Ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунийлигини таъминлаш ҳамда қарорларининг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш жараёни такомиллаштириш ҳам доимий эътиборда бўлмоқда. Жумладан, давлат ҳокимияти органларининг 1405 қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Адлия органларининг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва фуқароларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, “Обод турмуш йили”да 18,6 миллиард сўмлик ФҲДЁ ва “Бахт уйи”лари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг жорий йил 28 июнидаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатга биноан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университет мақомига эга бўлди. Ҳозир ТДЮУнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув, илмий-методик бўлинмалари ва кафедраларини замонавий техник воситалар, ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий мажмуалар билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, ўқув корпуслари янги бинолар ҳисобига кенгайтирилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар ўқув-тарбия жараёнини оптималлаштириш, назария ва амалиёт уйғунлигига эришиш имконини беради, албатта.
Адлия вазирлигининг энг муҳим йўналишларидан бири - ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим соҳасида 2012 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 99 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 2,7 миллион нафардан ортиқ аҳоли иштирок этди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда конституция талаблари асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бугунги кунга келиб ўз самараларини бермоқда. Буни инсон ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланаётгани ҳамда шунга мос равишда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданияти тобора юксалиб бораётганидан билиш мумкин. Асосий Қонунимиз моҳиятига юртимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечиришлари учун қулай замин яратиш мақсадлари сингдирилган бўлиб, Конституциямиз ушбу мақсадга эришишимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаверади.
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири.