Демократик принциплар қомуси
Дата: 04.12.2013
1992 йил 8 декабрь мамлакатимиз ҳаётида тарихий кун сифатида из қолдирди. Худди шу куни Ўзбекистон Республикасининг 12-чақириқ Олий Кенгаши 11-сессиясида мустақил Ўзбекистоннинг Асосий қонуни – Конституцияси қабул қилинди. Унинг моҳияти тўғрисида Президентимиз И.Каримов шундай деган эди: “...Бу Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра янги ҳужжатдир. ... Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи инсон деган фикрни илгари сурдик ва шу асосда “Фуқаро-жамият-давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунё амалиётида Асосий қонунга қўйиладиган талаб ва андазалар даражасида қабул қилинди. Унда давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, қонуннинг устуворлиги, ташқи сиёсат, фуқаролик, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий асослари, жамоат бирлашмалари, оила, оммавий ахборот воситалари, маъмурий ҳудудий тизим, давлат ҳокимиятини ташкил қилиш каби муҳим масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топган, ижтимоий ҳаётнинг демократик принциплари қонун даражасида кафолатган, халқаро ҳуқуқ ва муносабатларда тан олинган демократик принпицлар конституциявий мақом даражасига кўтарилган.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида шундай принциплардан Асосий қонуннинг 2-бобидаги 14-моддадан иборат “Халк ҳокимиятчилиги” принципининг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз.
Жумладан, Конституциянинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халк манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.
Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади. Конституциямизнинг 9-моддага кўра, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади.
Ўзбекистон Рнспубликасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Қонституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши Асосий Қонунимизнинг 13-моддасида мустаҳкамланган.
Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркини, жамият, давлат ва шахс муносабатларининг мутаносиблигини халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда илғор демократик принциплар асосида қонунлаштирди.
Асосий Қонуннинг нормаларининг қисқача таҳлили унинг демократик моҳияти тўғрисида аниқ тасаввур ҳосил қилдиради. Чунончи, ҳокимият тақсимотидаги аниқлик, яъни қонун чиқарувчи, ижроия, суд ҳокимияти тизимлари ва улар ваколатлари ҳамда функцияларининг аниқ белгиланганлиги ушбу тизимларнинг самарали ҳамда ўзаро мувозанатда фаолият кўрсатишини таъминлайди.
Якка мафкуравийлик ва партиявийликнинг барҳам берилиши Конституциянинг асосий хусусиятларидан биридир. Унинг 12-моддасига кўра “ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас” .
Маълумки, ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлатнинг мавжудлик шартларидан бири қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир. Асосий Қонуннинг 15-16-моддаларида қонун устуворлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддаларга мувофиқ мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
Фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларининг юксак даражада кафолатганлиги Конституциямизнинг ажойиб хусусиятидир. Бу ҳуқуқ ва эркинликлар БМТнинг асосий ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳамоҳангдир.
Конституциямизнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган моддаларини кўздан кечирганда, шу нарсани эътироф этамизки, инсон дахлсизлиги ва эркинлигига оид қоидалар шунчаки жорий қонунлар эмас, балки улар конституциявий қоидалар даражасига кўтарилганлиги муҳим аҳамиятга моликдир. Масалан, Конституциямизнинг 26-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ўзи ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, дейилган. Асосий Қонунда қайд қилинганидек, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр –қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”. Бу инсонга, унинг ҳаётига бевосита дахлдор бўлган конституциявий нормалар ҳатто, илғор давлатларнинг Конституцияларида ҳам Асосий Қонунимиздагидек мукаммаллаштирилмаган.
Бундан ташқари Конституциямизда Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шаклдаги мулк ташкил этиши белгилаб берилди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби даҳлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Конституциямизнинг қайси бир моддасига назар ташламайлик, ҳар бирида демократия, халқчиллик, инсон ҳуқуқи ва эркинлиги ғоялари кўриниб турибди. Асосий Қонунимиз негизида халқимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда. Шунга жавобан ҳар биримиз Ўзбекистон фуқароси, шу юрт фарзанди сифатида унинг янада ривожланиши учун сидқидилдан хизмат қилишимиз лозим.
Д.Бозорова,
Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси