Никоҳ ёшига етмаган қизни турмушга узатиш ёки ўғилни уйлантириш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
Дата: 25.12.2013
Кўча-кўйда хиёбонларда фарзандларини етаклаб юрган бахтиёр оилаларни кўриб кўзингиз қувонади. Меҳрибон ота-оналарининг қўлларидан тутган бири-биридан ширин ўғил-қизларнинг юзларидаги қувонч, беғуборлик киши дилида ажиб ҳислар уйғотади. Жажжи юракларида ҳаётга муҳаббат ҳапқирган, кўзларида келажакка ишонч умидлари порлаб, катталар кўмагида бўй чўзаётган бу навниҳоллар эртанги кунимиз эгаларидир.
Шу боис, юртимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ оила мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилди. Мустаҳкам оилани шакллантириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бирига айланди.
Жамиятнинг асосий ижтимоий вазифаларидан бири бўлган соғлом авлодни тарбиялаш оила фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Президентимизнинг “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги Қарори асосида ФҲДЁ бўлими тиббиёт муассасаси, хотин-қизлар қўмитаси, диний идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ошириш ва соғлом оилани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам ана шундай эзгу мақсад йўлида хизмат қилувчи ҳужжатдир. Мазкур қарор асосида бугунги кунда оила қуриш истагидаги ҳар бир шахс йўлланма асосида бепул тиббий кўрикдан ўтказилаяпти.
Шунингдек, ФҲДЁ бўлимимиз томонидан ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, мустаҳкам ва аҳил оила қуришнинг аҳамияти, оиланинг муқаддаслиги, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни дунёга келтириш ва уни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ туғма ва ирсий касалликлар манбаи эканлиги хусусида ташкил этилаётган суҳбатлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг ҳаётга, оилага бўлган масъулиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугунги кунда ҳам айрим оилалар арзимаган сабаб, баҳоналар билан оила аталмиш муқаддас қўрғонни бузмоқда. Натижада, айбсиз “айбдор”лар — фарзандлар азият чекаётгани кечириб бўлмас ҳолдир. Жорий йилнинг шу давригача суд қарорлари билан 52 та оиланинг никоҳи бекор қилингани фикримиз далилидир.
Шуни ҳам айтиш керакки, 2013 йилнинг 30 апрелидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан эндиликда ота-она ёки уларнинг ўрнини босадиган шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган қиз узатилиб, ўғил уйлантирилса, белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Бу эса келгусида қизларнинг эрта турмушга узатилиши билан боғлиқ муаммоларга барҳам беради, деган умиддамиз.
Дилфуза Жумаева,
Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори