Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Самарадорликнинг ҳуқуқий асослари

Дата: 22.01.2014    

Жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар барча жабҳаларда кенг қулоч ёзмоқда ва улар пировард натижада мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятни шакллантириш, демократлаштиришнинг таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, судни ҳокимиятнинг холис, мустақил тармоғи сифатида мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларининг либераллаштирилиши ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлди.

2008 йилда ўлим жазосининг бекор қилиниши, шунингдек жиноий жазолар тизимининг либераллаштирилишига доир чора-тадбирлар натижасида жиноятлар таркибининг 75 фоизига яқини оғир, ўта оғир тоифалардан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган тоифаларга ўтказилганлиги катта социал, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Жиноят судлов ишлари амалиётига яраштирув институти жорий этилди, судларнинг иқтисодий жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш ўрнига жарималар тарзидаги жазоларни қўллаш имкониятлари кенгайтирилди. Судлов ишларини юритиш тизимида адолат, жазонинг муқаррарлиги тамойили ва ўзгача демократик тамойиллар мустаҳкамланишини таъминловчи бошқа қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ишни судга қадар юритиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди. Миллий қонунчилигимизга «хабеас корпус» институти жорий этилди – қамоққа олишга санкция бериш, шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштиришдек процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқи прокурорлардан судларга ўтказилди.

Ҳуқуқни қўллаш ташкилий-ҳуқуқий механизмларини, одил судловни амалга ошириш процессуал асосларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар одил судловнинг муқаррарлигини, тезкорлигини таъминлашга, қонунийликни таъминлашда суднинг ролини оширишга кўмаклашди.

Прокурор ва адвокатнинг жиноят ҳамда фуқаролик жараёнларининг барча босқичларидаги тортишувлари тенглигини, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жараёнининг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатура мустақиллигини мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш, иш юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттириш сингари ҳуқуқларни судлар ваколатидан чиқарилишини назарда тутувчи ўзгартишлар жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига киритилди. Бу эса ўз навбатида суднинг объективлиги, холислигини таъминлашга, жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнида тортишув тамойилининг кучайишига кўмаклашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларининг қабул қилиниши суд ҳокимияти нуфузини мустаҳкамлашда, судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий, демократик талабларга жавоб берадиган самарали тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этди.

Президентимиз томонидан 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон республикамизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда яна бир муҳим қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши билан умумий юрисдикция судларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш, туманлараро, туман (шаҳар) судлари одил судловни сифатли амалга оширишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишларини таъминлаш учун туманлараро туман (шаҳар) судларида тегишли тартиб ўрнатиш ҳамда уларнинг иш билан бандлигини мақбуллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 та туманлараро (туман) суди тузилиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди.

Фармонда янги тузилаётган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судларини тўлдириш ҳамда иши энг кўп бўлган амалдаги туманлараро (туман) судлари ходимларининг сонини кўпайтириш учун фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг сони 71 тага кўпайтирилиши, шунингдек иши нисбатан камроқ бўлган судлардан 23 та судья лавозимларини иш ҳажми кўпроқ бўлган туман судларига ўтказиш орқали жиноят ишлари бўйича вилоят ва уларга тенглаштирилган судларнинг, шунингдек туман (шаҳар) судлари ходимларининг сони қайта тақсимланиши белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида унинг ходимлари умумий сони доирасида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тузилиши, шунингдек судьялар мустақиллиги ҳамда улар фақат қонунга бўйсуниши тамойилига қатъий риоя этган ҳолда, судларнинг ижро интизоми, ишларни ўз вақтида кўриб чиқиши устидан назорат қилиш вазифалари, шунингдек судлар ташкилий фаолиятини, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга доир ишларини такомиллаштириш, суд девонларининг кадрларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг малакасини оширишга доир ишларни амалга ошириш функциялари унинг зиммасига юклатилиши назарда тутилди.

Фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда Суд амалиёти ва статистикаси таҳлили бўлимлари тузилиб, улар таркибига суд статистикаси бўйича амалдаги мутахассис лавозимлари киритилиши, шунингдек уларни тўлдириш учун қўшимча 28 нафар бошқарув ходими ажратилиши белгиланди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янгиланган тузилмаси, шунингдек фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ходимларининг умумий сони қайта тасдиқланди.

Шу билан бирга, “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси билан биргаликда миллий қонун ҳужжатларини, хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларимизга, замонавий талабларга, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд томонидан ишончли ҳимоя қилинишидан иборат вазифаларга мос эканликларини объектив аниқлаш имконини берувчи, умумий юрисдикция судьялари ва судларининг фаолиятини баҳолаш мезонлари тизимини ишлаб чиқиш ва уни ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган.

Бундан ташқари, Фармонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида жиноий, маъмурий суд ишлари юритилишига доир ишларни кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш; фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда маъмурий-ҳуқуқий низоларни судгача, суддан ташқари ҳал қилиш тартибини янада такомиллаштириш; умумий юрисдикция судларининг ҳукмлари, қарорлари ижро этилиши устидан суд назоратини кучайтириш; Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг ўринбосарлари, вилоят судларининг раислари ва уларга тенглаштирилган судларга кассация тартибида протест билдириш ҳуқуқини бериш каби бир қатор таклифлар ишлаб чиқилиши лозимлиги белгиланган.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан ҳамда Фармонда назарда тутилган юқоридаги таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги мамлакатимизда судлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича жиддий ҳуқуқий ва муҳим қадам, пировардида эса янада ижобий амалий ўзгаришларнинг асоси бўлиб қолади десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган шу каби ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳар бир онгли фикрлайдиган инсон учун очиқ ва тушунарли бўлган, улар шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсоннинг амалий ишига айланган тақдирдагина мамлакатимизни янада ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг муваффақиятини таъминлашимиз мумкин.

Даврон Қаландаров

Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи