Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимояси

Дата: 10.02.2014    

Сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2012 йил 2 май куни “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, мазкур қонунда Тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги деб номланган янги норма (11-модда) киритилди. Унга асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши белгиланди, кичик бизнес соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини турли хил инсофсиз рақобатдан ҳимоя қилиш мақсадида Инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги (12-модда) деб номланган янги норма киритилди.

Тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда афзалликлар олишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўлган рақобатчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларига йўл қўйилмаслиги, янги таҳрирдаги Қонунда тадбиркорларга енгилликлар яратиш ва уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида ҳисоботларнинг электрон шаклда тайёрланиши ва топширилиши бўйича янги норма киритилди. Жумладан, Қонуннинг 17-моддасига асосан ҳисобот тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тайёрланиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилишини дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тарқатиш орқали рағбатлантириш, ушбу қонун талабларига кўра тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги, ушбу қонун асосида тадбиркорлик субъектларига бир қатор ҳуқуқлар берилганлиги билан бир қаторда, уларнинг масъулияти ҳам оширилди. Хусусан, Қонуннинг 9-моддасида тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш, рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш каби мажбуриятлар юклатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун асосида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатлари белгиланди. Хусусан, Қонуннинг 31-моддасида тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаат қилиш, давлат органлари ва хўжалик бошқарувчи органлари томонидан ушбу мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий механизми ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини эркин амалга ошириш ҳамда бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолотлайди.

Шунингдек, мазкур қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг пул маблағларини тасарруф этиш кафолатлари яна мустаҳкамланди. Хусусан, агар қонунда ёки шартномада бошқача муддатлар назарда тутилган бўлмаса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан мазкур ҳисобвараққа киритиб қўйиши, тадбиркорлик фаолияти субъектининг топшириғига кўра ҳисобварақдан пул маблағларини бериши ёки ўтказиши шартлиги, ҳисобварақ бўйича операцияларнинг белгиланган муддатлари бузилган тақдирда, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши, банк ёки бошқа кредит ташкилоти ҳисобварақда турган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун тадбиркорлик фаолияти субъектига фоизлар тўлаши, фоизларнинг суммаси унинг ҳисобварағига киритиб қўйилиши кўрсатилган.

2012 йил 26 апрелда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун 35 моддадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу қонун билан тадбиркорликни ривожлантиришда қуйидаги имтиёзлар берилган:

- Оилавий корхона тадбиркорлик субъекти сифатида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда кичик тадбиркорлик субъекти сифатида белгиланди;

- Оилавий корхона иштирокчилари оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган бир пайтда қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин;

- Оилавий корхона бошлиғи ўзгарган, иштирокчи оилавий корхона таркибига ихтиёрий равишда кирган (ундан чиқиб кетган), эр ва хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки оилавий корхона иштирокчиси вафот этган ва бу ҳоллар оилавий корхона балансига берилган оилавий корхона иштирокчиларининг мол-мулки рўйхатида ўзгаришларга сабаб бўлган тақдирда, таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда оилавий корхонани қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди;

- Оилавий корхона қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ягона солиқ тўловини тўловчилиги ва Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди;

- Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Бундан ташқари, қонунда оилавий корхона фаолиятини текширишларнинг чекланиши белгиланган бўлиб, унга кўра оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилиши белгиланган.

Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Энг аҳамиятли жойи шундан иборатки, Қонуннинг 28-моддасида оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши, коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлаши белгилаб қўйилди.

Мазкур қабул қилинган нарматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тадбиркорликнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий механизми яратилиши масаланинг бир томони бўлса, уни амалиётга тўғри самарали жорий этиш муҳим ҳисобланади. Бу эса биздан чуқур билим ва малака энг аввало фидоийликни талаб қилади.

Бу эса барча давлат идоралари қатори адлия органларига ҳам катта масъулият юклайди. Шу муносабат билан Бухоро вилоят адлия бошқармаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини бузилиши ҳолатларга чек қўйиш, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида жойларда доимий тарзда ўрганиш ишлари, шунингдек тарғибот тадбирларини ҳам олиб бормоқда.

А.Баротов,

Бухоро вилоят адлия бошқармаси Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи