Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик омили
Дата: 14.02.2014
Давлат ва хусусий бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги ҳар бир давлатнинг диққат-эътиборидаги масалалардан биридир. Кейинги йилларда бутун дунёда электр энергетикаси, транспорт, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳукумат ва бизнес ҳамкорлигининг кучайиши кузатилмоқда. Зеро, стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу соҳаларни тўлиқ хусусийлаштиришнинг имкони йўқ.
Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги деганда давлат ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу манбаларни бирлаштириш ва таваккалчиликни тақсимлаш асосида маълум муддатга расмийлаштирилган, ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилиш мақсадида фойда олишга қаратилган ҳамкорлиги тушунилади. Давлат ва хусусий секторнинг ўзаро муносабати мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда хусусий бизнеснинг манфаатдорлигини оширади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг кўплаб муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради.
Ҳозир республикамизда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигининг айрим жиҳатларини тартибга солувчи 45 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат амалда бўлиб, уларнинг 15 таси қонун, 9 таси Ўзбекистон Президентининг қарори, 17 таси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда 4 таси идоравий ҳужжатдир.
«Концессиялар тўғрисида»ги Қонунга биноан концессия чет эллик инвесторга хўжалик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун давлат номидан бериладиган рухсатнома бўлиб, давлат чет эллик инвесторга эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи асосида мол-мулк, ер ва ер ости участкаларини топширади, бироқ уларни тасарруф этишдан иборат алоҳида ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.
«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи билан янги мулкдор ўртасида ўзаро мажбуриятлар ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган объект фаолиятининг шартлари назарда тутилган.
Хусусий секторнинг ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларда иштирок этиши республикамизда ушбу соҳага оид муайян ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилганидан далолат беради.
Шу билан бирга, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ҳуқуқий тартибга солиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жойлардаги айрим давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда. Уларга асоссиз равишда вазифалар юкланмоқда. Масалан, адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 2011 йили 517 та, 2012 йили 261 та, 2013 йилнинг 9 ойида 98 та шундай ҳолат аниқланган. Бундан ташқари, одатда, жойлардаги давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларидан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирларда иштирок этиш талаб қилинади. Бундай ҳолат, яъни тадбиркорларни бирон-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш уларнинг ишига аралашиш деб баҳоланиши керак.
Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги ривожига тўсиқ бўлаётган омилларнинг энг асосийси мазкур ҳамкорликнинг доираси ва иштирокчилари, шунингдек, асосий йўналишлари ва амалга ошириш механизмларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлигидир.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор мамлакатларда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари яратилган. Масалан, Японияда «Хусусий молиявий маблағлар ҳисобидан ижтимоий объектларни ривожлантиришга кўмаклашиш тўғрисида»ги, Корея Республикасида «Инфраструктурани ривожлантиришда хусусий секторнинг иштироки тўғрисида»ги, Польшада «Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган. Шунга ўхшаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар АҚШ, Франция, Греция, Латвия, Украина, Бразилияда ҳам мавжуд.
Ушбу мамлакатларда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигининг самарали йўлга қўйилгани ижтимоий аҳамиятга эга масалалар ечимини топишда бюджет маблағлари сарф қилинишини камайтириш, давлат мулкини бошқаришда самарадорликни ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш имконини бермоқда. Масалан, «Катта саккизлик» мамлакатларида биринчи ўринда соғлиқни сақлаш (184 та лойиҳа), иккинчи ўринда таълим (138 та лойиҳа), учинчи ўринда автомобиль йўллари (92 та лойиҳа) соҳаларини ривожлантиришда давлат ва хусусий бизнес субъектлари иштирок этган.
Францияда энергиядан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш мақсадида коммунал иссиқлик билан таъминлаш, кўчаларни ёритиш ва коммунал хўжаликнинг бошқа соҳаларида давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги лойиҳалари амалга оширилмоқда. АҚШда автомобиль йўллари қурилишида давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги асосий ўринни эгаллайди. Германияда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги минтақавий темирйўл, автомобиль йўллари, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда оқова сувларни тозалаш соҳаларида қўлланади. Япония ва Корея Республикасида метрополитен тизимининг ярми хусусий акциядорлик жамиятларининг маблағларига қурилган.
Ривожланаётган ва бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги мамлакатларда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги автомобиль йўллари, кўприклар, аэропортлар ва сув тозалаш иншоотлари қурилишида кузатилаяпти.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ташаббускорлигини рағбатлантириш, моддий имкониятларидан самарали фойдаланиш, давлатнинг ижтимоий аҳамиятга эга масалалар ечимини топишига ва иқтисодиётни ривожлантиришига кенг имкониятлар яратади.
Музроб АЛИМОВ,
Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя
этилиши устидан назорат қилиш бош
бошқармаси бош маслаҳатчиси