Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи келишув

Дата: 19.03.2014    

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида эр-хотинларнинг қонуний мулки билан бирга, унинг 11-бўлими 6-бобининг 29-36-моддаларида белгиланган “Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби” ҳам киритилган. Бу қоиданинг қонунчиликка киритилишининг сабаби бозор иқтисодиётини янада чуқурлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва хусусий мулкчиликнинг мавжудлиги билан боғлиқдир.

Эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкига шартномавий муносабатлар тадбиқ этилиши умумий тартибда Фуқаролик кодексининг 216-моддаси биринчи қисмида белгиланган. Оила ҳуқуқининг нормалари эса, уларни ҳар тарафлама кенгайтириб берган. Булар никоҳ шартномасининг ҳуқуқий табиати, уни тузиш шакли, мазмуни, уни ўзгартириш, тасарруф этиш, ҳақиқий эмас деб топиш асосларидан иборатдир.

Фуқаролик кодексининг 353-моддаси биринчи қисмига асосан, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. Умумий кўринишда бундай таъриф никоҳ шартномасига ҳам тегишли. Аммо бу шартноманинг ўзига хос хусусиятлари ҳам мавжуд.

Никоҳ шартномасининг шаклига тегишли ҳисобланган ўзаро боғланган икки тараф ҳам ўз ҳуқуқини ўз хоҳиши бўйича эркин тасарруф этиш ҳуқуқи, эр ва хотиннинг ҳар бирининг мулкий ҳуқуқларининг бузулишини бартараф этиш, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотиннинг мулкий ҳуқуқи бузулишини олдини олиш, эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқини таъминлаб маълум барқарорликни сақлаб қолиш, нафақат жисмоний шахснинг, ҳатто давлатнинг ҳам мулкий манфаати кафолатланишига риоя қилишга имкон беради.

Никоҳ шартномасининг ўзига хос хусусияти нафат унинг шаклида, балки ички мазмунида. У Оила кодексининг 31-моддасида келтирилган умумий қоидалар билан белгиланиб, эр ва хотиннинг биргаликдаги мулки тартибини ўзгартириб, унинг ўрнига эр-хотин никоҳ шартномаси асосида ўз мулкий ҳуқуқлари тартибини белгилаш ҳуқуқига эгадирлар.

Никоҳ шартномаси Оила кодексининг 31-моддаси бешинчи қисмига биноан, эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, уларнинг фарзандларига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбурияларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай аҳволга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди. Акс ҳолда, эр ёки хотиннинг бирининг ҳуқуқини чеклашга ҳамда Оила кодексининг 1-моддаси талаблари бузилишига олиб келади.

Никоҳ шартномасини тузиш ёки тузмаслик эр ва хотиннинг ўз ҳуқуларидир. Агар улар никоҳ шартномасини тузмасалар, у ҳолда мулкий ҳуқуқий муносабатлари қонуний тартибда белгиланган ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинади.

Шартноманинг етакчилик роли ҳамда мулкий муносабатларнинг янги принциплари ҳуқуқий жиҳатдан Фуқаролик кодексида белгилаб қўйилган.

Никоҳ шартномаси фуқаролик шартномасининг алоҳида тури сифатида кўрилиши лозим, чунки ушбу ҳужжат эр-хотиннинг мол-мулки табиатини белгилаш ва ўзгартиришни назарда тутади.

Демак, никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки эр ва хотиннинг никоҳдан ажралган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.

З.Имомова, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими