Шартномавий муносабатлар қонун талабига мос бўлиши керак
Дата: 25.03.2014
Иқтисодиётнинг ўсишини тезлаштириш учун аввало тадбиркорликка кенг йўл очиб, зарур имтиёз ва преференцияларни бериш керак. Иқтисодиётнинг ана шу тамойилидан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнесга оид кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар соҳани ривожлантириш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир.
Тадбиркорлик фаолиятининг асосини шартнома муносабатлари ташкил этади. Фуқаролик кодексининг 353-моддасига асосан икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома деб аталади.
«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, тарафлардан бири шартлашилган муддатда товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, иккинчи тараф эса уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари хўжалик шартномаларини тузиш эркинлиги, тарафларнинг манфаатдорлиги, шартнома интизомига риоя этиш ва тарафларнинг ўзаро мулкий жавобгарлигидан иборат.
Тарафлар ўртасида тузиладиган хўжалик шартномасида қуйидагиларни назарда тутиш лозим: шартнома предмети; етказиб бериладиган товар (иш, хизмат)нинг миқдори, сифати, ассортименти ва баҳоси; шартноманинг бажарилиш муддатлари; ҳисоб-китоб қилиш тартиби; тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги; низоларни ҳал этиш тартиби; тарафларнинг реквизитлари; шартнома тузилган сана ва жой.
Президентимизнинг 1995 йил 12 майдаги «Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузиладиган шартномаларга оид яна бир муҳим меъёр қайд этилган, яъни ана шундай шартномага асосан бажариладиган ишлар ёки кўрсатиладиган хизматлар қийматининг камида 15 фоизи олдиндан тўланиши лозим.
Хўжалик юритувчи субъектлар шартномаларни тузишдан аввал ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб олишса, қонун талабларига риоя этган бўлишади. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига асосан хўжалик шартномаларини имзолашга тайёрлаш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши керак. Шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмайди. Энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан ортиқ суммадаги шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёки жалб этилган адвокатларнинг ёзма хулосасидан кейингина тузилиши мумкин.
Мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган. Адлия органлари эса қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 2013 йилда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида 503 мингдан зиёд шартноманинг тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Адлия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида давлатга ғалла ва пахта сотиш, пилла харид қилиш, фермерлар кенгашига аъзолик, истеъмолчиларнинг электр таъминоти, қишлоқ хўжалиги корхоналарига нефть маҳсулотлари етказиб бериш, контрактация шартномасидан ортиқча топширилган пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган шрот ва чигит шелухасини сотиш шартномаларининг намунавий лойиҳаларини амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқди. Бундан ташқари, адлия органлари томонидан шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича мониторинг юритилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Хусусан, шартномаларнинг тузилиши бўйича 78,8 мингта, бажарилиши бўйича 47,6 мингта қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Уларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга 10,5 мингта огоҳнома ва тақдимнома, 976 та кўрсатма киритилди. Кўрилган таъсир чоралари самараси ўлароқ, 32 мингта шартноманинг қайта тузилишига, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чиқарилган 1,3 мингта қарор ҳамда ҳужжатнинг бекор қилиниши ёки ижроси тўхтатилишига эришилди. 1,6 минг нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 93 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Масалан, Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан Қизилтепа электр тармоқлари корхонасида ўтказилган ўрганишда шартномаларнинг бажарилишига тааллуқли қонунбузилишлар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича киритилган тақдимномага асосан корхона назоратчилари Ю.Отаев ва Х.Холмановлар ишдан бўшатилди.
Тегишли идораларга айбдорларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритилмоқда. Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектларга шартномавий мажбуриятлар бажарилмаслиги оқибатида етказилган зарарларни ундириб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Судларга киритилган даъво аризалари натижасида ҳуқуқи бузилган тарафларга 85,7 млрд. сўм тўлаб берилди. Масалан, Сирдарё вилояти хўжалик судининг 2013 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарори билан вилоят адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, «Сирдарёпахтасаноат»дан кўрсатилган хизматлар учун 58,6 млн. сўм асосий қарз ҳамда тўлов муддати кечиктирилгани учун 1 млн. сўм пеня «Орзу савдо сервис» хусусий корхонаси фойдасига ундириб берилди.
Шу билан бирга, адлия органлари томонидан фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам мунтазам равишда зарур чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Жумладан, фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга 1,2 мингта тақдимнома, 921 та огоҳнома киритилди. Бунинг натижасида 70,1 млрд. сўм пул маблағлари фермерларга тўлаб берилиб, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 265 та қарори ҳамда ҳужжати бекор қилинди ёки ижроси тўхтатилди. Шунингдек, ҳозиргача судларга киритилган 7,9 мингта даъво аризасининг 6,6 мингтаси қаноатлантирилган бўлиб, қолганлари кўриб чиқилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2013 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, «Dialan techno card» МЧЖдан техника сотиб олиш учун тўланган 130 млн. сўм «Дурдона Машҳура» фермер хўжалигига ундириб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, тадбиркор ва фермерларимизнинг шартномавий муносабатларга оид ҳуқуқий билимлари бугунги кун талаблари даражасида бўлиши керак. Шартномалар ўзаро тушунмовчилик ва юқоридаги каби камчиликлар билан тузилса, тарафлар ўртасида турли низолар келиб чиқиши мумкин. Уларни бартараф этган ҳолда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Акмал НАБИРАЕВ, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи