Адвокатура: такомиллашув жараёнлари
Дата: 03.04.2014
Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратишга қаратилган.
Жаҳон ҳамжамияти олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос механизмлар яратилган. Булар ичида адвокатура институтининг ҳам ўзига хос алоҳида ўрни мавжуд.
Истиқлол йилларида адвокатура институти тубдан ислоҳ қилинди. Пировардида, адвокатларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи сезиларли даражада ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузада ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Адвокатура институти шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаганлиги сабабли, фуқаролар ва ташкилотларнинг адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, биринчи марта 1996 йил 27 декабрда “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йил 25 декабрда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши адвокатура тизимини такомиллаштиришда ҳуқуқий асос бўлди. Бунга қадар адвокатура фаолияти 1961 йил 30 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг адвокатураси тўғрисидаги Низом билан тартибга солинар эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида 3 та Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ҳамда 10 га яқин идоравий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
2008 йил 31 декабрда қабул қилинган «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия кодекслари ҳамда «Адвокатура тўғрисида»ги, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қайд этилган Фармон ва Қонунга мувофиқ, 2009 йил 9 мартда «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Адвокатура институтининг янада ислоҳ қилиниши фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаси сифатида белгиланди.
Фиркни давом эттирган холда шуни таъкидлаш лозимки, адвокат жиноят ишларини судда кўриш жараёнининг шундай бир иштирокчиси ҳисобланадики, унинг иштирокисиз суд, яъни давлат ҳокимияти тўлақонли фаолият кўрсата олмайди. Бу ҳолат адвокатура институтининг алоҳида мақомини исботлайдиган қўшимча далилдир. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида кўпинча хўжалик судларида ҳам вакил сифатида юридик маълумотга эга бўлган шахсларгина иштирок этиши кўзга ташланмоқда. Бу ҳам хўжалик судларида мумкин қадар қисқа муддатларда одил судловни самарали амалга ошириш имконини бермоқда.
Шу ўринда амалиётда хўжалик судларида адвокатнинг иштироки хусусида тўхталмоқчимиз. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси талабларига мувофиқ, хўжалик судида ташкилотларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида иш кўрадиган органлари ҳамда вакиллари олиб боради. Хўжалик судида иш юритиш учун тегишли тарзда расмийлаштирилган ваколатга эга бўлган ҳар қандай фуқаро хўжалик судида вакил бўлиши мумкин.
Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада ифода этилган бўлиши керак. Адвокатнинг ваколати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.
Ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан адвокатга берилган ордер хўжалик судида тарафларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун асос бўлади. Ордер асосида адвокат хўжалик судида уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлса-да, бироқ у ишончноманинг ўрнини боса олмайди.
ХПКнинг 52-моддасида даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, протест келтириш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий тартибда ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш бундан мустасно, ҳаракатларининг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари вакил қилаётган шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши кўрсатилган.
Ваҳоланки, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига кўра, муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланиши, ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг) нуқтаи назарига кўра ноқонуний қарор чиқарилган тақдирда, бу қарор устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши шартлиги кўзда тутилган.
Бироқ, адвокат хўжалик суди суд мажлисида ордер билан иштирок этаётган, унга ишончнома билан суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилмаган бўлса, бундай ҳолда адвокатнинг апелляция шикояти ХПК 162-моддасининг 1-банди, кассация шикояти эса 180-моддасининг 1-банди талаблари асосида қайтарилади.
Адвокат томонидан даъво аризаси имзоланган бўлса, унинг даъво аризасини имзолаш ваколатини тасдиқловчи ишончнома даъво аризасига илова қилиниши лозим. Адвокатнинг даъво аризасини имзолаш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома даъво аризасига илова қилинмаса, ариза ХПК 118-моддасининг 2-бандига асосан қайтарилади. Агар шундай даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар иш юритувига қабул қилинган бўлса, адвокатнинг даъво аризасини имзолаш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома судга тақдим қилинмаса, даъво кўрилмасдан қолдирилади.
Адвокат ордерида унинг ваколати тўлиқ ифода этилмаслиги ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), протест келтириш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий тартибда ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш каби процессуал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида ҳам намоён бўлади.
Мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ нормаларига монанд адвокатуранинг ўзига хос миллий тизимини яратиш борасида қонунчиликнинг такомиллаштирилиши – пировард натижада демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш учун мустаҳкам замин вазифасини ўтайди.
Зеро, ҳозирда мамлакатимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий аҳамиятга молик вазифа юкланган махсус ҳуқуқ лаёқатига эга оммавий-ҳуқуқий институт сифатида шаклланди.
Б.Мансуров, Бухоро вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси