Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фуқаролар фаоллиги ошмоқда бу борада самарали механизмлар шаклланган

Дата: 15.04.2014    

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамиятни шакллантириш борасида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бундай ислоҳотлар жараёнида давлатимизда қатор демократик институтлар шакллантирилиб, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки тобора кенгайиб бормоқда.

Президентимиз томонидан тақдим қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да фуқароларни давлат бошқарувига жалб қилишнинг илғор шаклларини жорий этиш вазифалари белгиланган бўлиб, бу жараён тегишли қонун лойиҳаларини пухта тайёрлаш ва уларнинг келажакдаги самарали ижросини таъминлашга хизмат қилади. Бунда, албатта, адлия органлари ходимларининг ҳиссаси катта. Жумладан, янги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини веб-сайтда эълон қилиб бориш ҳамда улар юзасидан ўтказилган телемулоқот ва бошқа шакллардаги маслаҳатлашувлар, эксперт гуруҳлари фаолиятида фуқаролар фаол иштирокининг таъминланганлиги ҳам айни йўналишда ўз самарасини кўрсатмоқда.

Концепцияда белгиланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг расмий кучга кириши фуқароларнинг давлат органлари фаолияти, жумладан, қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизми яхши ишлашига имкон яратади. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур эта оламиз”.

Ўз навбатида, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қо­нун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланган шароитда давлат органларининг фуқаролар олдидаги масъулиятини кучайтиради. Фуқаролар билан ўтказилган маслаҳатлашувлар, қабул қилинаётган қарорларни келишиш шаклларини кенгайтириш эса уларнинг фаол фуқаролик позициясини оширишга хизмат қилади. Бу борада ахборот хизматлари, оммави­й ахборот воситалари, интернетдаги давлат органларининг веб-сайтлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да қабул қилиниши назарда тутилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг илғор шакллари белгиланади. Ушбу қонунларнинг келажакдаги самарали ижросини таъминлаш уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишни, улар билан маслаҳатлашиш ва бошқарувда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга ҳуқу­қий замин яратиб бермоқда.

Зулайхо Атоева, Бухоро вилояти адлия бошқармаси масъул ходими