Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари
Дата: 30.04.2014
Мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида бозор иқтисодиёти тамойилларига таянган ҳолда умуминсоний қадриятлар ҳамда демократик қоидаларни кенг жорий қилиш асосида фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадини кўзлайди.
Шу каби муҳим ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши хусусан, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг амалда тўлиқ таъминланиши албатта меҳнат шартномаси тузилиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ ижтимоий муносабатларнинг аниқ ҳамда тўла-тўкис ҳуқуқий тартибга солинишини тақозо этади. Айниқса, бунда меҳнат шартномаси бекор қилинишининг аниқ қонуний мезонларини белгилаб қўйиш, бир томондан, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий кафолати бўлса, иккинчи томондан, бу аҳолини кенг маънода иш билан таъминлаш ҳисобланади.
XX асрга келиб иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни ҳуқуқий тартибга солишнинг 2 хил модели шаклланди. Биринчи моделга кўра иш берувчи ўз хоҳишига кўра узрли сабаблар бўлганда ва бўлмаганда ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин. Иккинчи моделга кўра иш берувчи фақатгина узрли сабаблар бўлган ҳолдагина меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин. Унинг 2 хил кўриниши мавжуд бўлиб, булар олдиндан огоҳлантирган ҳолда (оддий) ва огоҳлантирмасдан (фавқулодда, номунтазам, интизомий) меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳисобланади.
“Узрли сабабларнинг” бўлиши кераклиги тушунчаси иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда марказий ўрин эгаллайди, яъни улар қонуний асос бўлиб ҳисобланади.
“Узрли сабаблар” тушунчасининг мазмун-моҳияти ва аниқлик даражаси турли давлатларда ҳар хил тушунилади. Баъзи бир давлатлар (Франция) қонунчилиги узрли сабабларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий принципларинигина санаб ўтади, судлар эса ҳар бир аниқ (конкрет) ишдаги муҳокамалар вақтида узрли сабабларни очиб беради ва ойдинлик киритади. Бошқа давлатлар (Испания, Португалия, АҚШ, Буюк Британия) қонунчилигида ёки жамоа шартномаларида узрли сабаблар маълум бир даражада батафсил очиб берилган.
Ўзбекистон Республикасида мазкур асослар Меҳнат кодексининг 100-моддасининг 2-қисмида санаб ўтилган бўлиб, булар:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги. Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;
4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.
5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;
6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги.
7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.
Кўпчилик мамлакатларнинг қонунчилигида пенсия ёшига етишни меҳнат шартномасини бекор қилишда “узрли сабаб” бўлиши белгиланмаган, лекин алоҳида тоифадаги ходимлар (масалан, корхоналарнинг раҳбар ходимлари) учун маълум бир ёшга етгандан сўнг пенсияга чиқиш шартлиги белгиланган. Шунингдек, баъзи давлатларда (Буюк Британия, Италия) пенсия ёшига етган ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунлар томонидан муҳофазага олинмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасида, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда камида икки ой олдин ходимни ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шартлиги белгилаб қўйилган.
Ж.Камалов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими