Ёшлар ҳуқуқий маданиятини такомиллаштириш
Дата: 30.04.2014
Инсонлар шахс бўлиб туғилмайдилар, балки шахс бўлиб шаклланадилар. Ҳуқуқ назариясида амал қилаётган мазкур қоидани ҳаётнинг барча соҳасига тадбиқ этиб, қиёсласа бўлади. Шу боисдан ҳам ёшлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни шахс сифатида шакллантира бориш, жамият аъзоси мақомига муносиб қилиб тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Ҳолбуки, бугунги ёш авлод, эртанги жамиятни ташкил этиши оддий ҳақиқатдир.
Президентимиз ташаббуси билан 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди. 2014-йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан қабул қилинган «Соғлом бола йили» Давлат дастури, мамлакатимизда вояга етмаганларнинг таълим ва тарбияси, маънавий камолотга эришиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол ва соғлом инсонлар сифатида улғайтиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини яна бир карра тасдиқлади.
Дастур шарофати билан ёш авлодни ҳар тарафлама соғлом инсонлар сифатида вояга етказиш борасидаги ҳаракатлар яна бир янги босқичга кўтарилиб, янгича мазмун-моҳият касб этиши табиий. Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш каби дастурий мақсад-муддаоларга оид масалалар билан чамбарчас боғлиқ экани эътироф этиш жоиз.
1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси, бола ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу соҳада давлатлараро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш асосидир. Шу билан бирга, у бола ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг мукаммал андозаси. Ҳозирги кунда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид 6 та асосий ва 70 дан зиёд универсал ва минтақавий шартномаларини тан олган. Мамлакатимизнинг 1992 йилда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда бола ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг самарали механизмини ишлаб чиқишга хизмат қилди. 2008 йил 7 январда қабул қилинган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун бу борада тарихий ҳужжат бўлди.
Соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мазмун ва моҳияти, аҳамияти ва кўлами эса, тобора кенгайиб бормоқда. Болалар ва ўсмирларнинг самарали ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг жорий этилгани, замон талабларига мос таълим ва соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларининг барпо этилаётгани, умуман, бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар кўриб борилаётгани натижасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу албатта, қувонарли ҳол. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамиятини барпо этиш ва жамият тараққиётининг ривожи ўсиб келаётган авлод камолотига боғлиқ. Ёшларни олий маънавий қадриятлар, фуқаролик бурчини бажаришга онгли равишда муносабатда бўлиш руҳида вояга етказиш ўта муҳим ва серқирра жараён ҳисобланади. Ёшлар сиёсий ҳуқуқий маданиятини такомиллаштириш жамиятдаги ижтимоий, сиёсий ҳаётнинг таркибий қисмини ташкил этган муҳим фаолиятдир. Бу борада ҳар бир ота-она, тарбиячи, педагоглар қолаверса, ҳар бир шахс масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилиши ҳамда болалар тарбиясида ўзиниг ижобий таъсирини акс эттириши лозим.
Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, соғлом авлодни вояга етказиш ҳамда имконият ва қобилиятларини рўёбга чиқаришга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар қабул қилинган.
Бир сўз билан айтганда, ушбу йўналишда мустаҳкам қонунчилик базаси ва ҳуқуқий кафолатлар яратишга эришилди. Шу боисдан ҳам соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининиг мазмун-моҳиятини кишилар, айниқса ёшлар онгига етказиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш лозим. Ёшлар сиёсий, ҳуқуқий онгини бойитишга қаратилган мазкур фаолият натижаси, уларнинг келажакда жамиятдаги содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмасликни, мазкур жараён томошабини эмас, балки иштирокчиси бўлиши, уларга нисбатан ўз фикр мулоҳазаларига эга бўлишлигини, шунингдек, янгича фикр ва янгича ғоялар муаллифига айланишининг энг муҳим таъсир омилидир.
А.Ҳайитова, Когон шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори