Дунё — қулликка қарши бироқ ҳамон бу жиноят содир бўлмоқда
Дата: 06.05.2014
ГЛОБАЛ хавф-хатарлар ҳақида сўз борганида динлараро, миллатлараро низолар ва тўқнашувларни, кибертерроризм, ноқонуний қурол-яроғ ва наркотиклар савдоси, одам савдоси каби таҳдидларни тилга олмаслик мумкин эмас. Айниқса, одам савдоси муаммоси жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки қулликнинг замонавий кўриниши кейинги йилларда тобора авж олмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 2 миллион 800 минг киши одам савдоси қурбонига айланмоқда, 600 мингдан 800 минггача аёл ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, бу жиноят туфайли дунё бўйича 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ноқонуний айланади. Одам савдоси даромад келтириш бўйича наркобизнес ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллаши ҳам бу турдаги жиноятчиликнинг қай даражада чуқур илдиз отганлигидан далолатдир.
Дунё ҳамжамияти олдидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланган жиноятнинг бу тури Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда одам савдоси жиноятларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бу давр оралиғида одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Давлатимиз одамларнинг нолегал трафикига қарши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди.
Хусусан, 2003 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди.
Бундан ташқари, 2000 йил 15 ноябрдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги баённомаси ҳам ратификация қилинди.
Мамлакатимизда 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек, мазкур Қонуннинг ижросини таъминлаш бўйича Президентимизнинг 2008 йил 8 июлда “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, мазкур турдаги жиноятлар учун жазо чораларини кескин кучайтириш бўйича Жиноят кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Одам савдоси жиноятига қарши самарали курашиш мақсадида мутасадди идоралар томонидан мамлакатимиз миқёсида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилаётган амалий семинарлар, очиқ мулоқотлар ўз натижасини беряпти, албатта. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ мазкур жиноятдан жабр чеккан кўплаб юртдошларимизнинг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Одам савдоси бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти учун долзарб муаммо бўлиб қолаётгани, миграция жараёнининг кучайиши оқибатида унинг қамрови тобора кенгайиб бораётгани, бу трансмиллий жиноий фаолият турига қарши курашиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Одам савдосига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ҳуқуқшунос мутахассислар олдига ўзига хос амалий ва назарий вазифаларни қўяди. Шундай экан, бунда қонунлар мазмун-моҳиятини, уларнинг олий қадрият ҳисобланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилишга қаратилганлигини халқимизга етказиш биз ҳуқуқшуносларнинг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоғи даркор.
Улуғбек ҲАСАНОВ, Бухоро вилояти адлия бошқармаси масъул ходими