Фуқаролик институтларининг давлат бошқарувидаги роли
Дата: 02.06.2014
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши ва ривожланиши учун мукаммал норматив-ҳуқуқий база яратилган. Конституциямизнинг ХIII бобида мамлакатимизда уларнинг эркин ва фаол ҳаракат қилишлари, фуқаролик жамияти яратилиши учун тўла ижтимоий-ҳуқуқий асослар мавжуд.
Булардан ташқари, уларнинг фаолияти “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа шу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир қатор ривожланган демократик давлатларнинг тажрибасини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда, қолаверса, ўзимизнинг асрлар давомида шаклланган урф-одат, анъаналаримиз ва бой тарихимизга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.
Давлатимиз раҳбари “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” ғоя доирасида шундай деган эди, “Шундай давлат ва ижтимоий тузилма яратиш керакки, унда кучли марказий хокимият ўз саъй ҳаракатларини мудофаа, давлат хавфсизлиги ва фуқароларнинг хавфсизлиги, тартиб-интизоми, ташқи сиёсат, валюта-молия, солиқ тизимини шакллантириш, қонунлар қабул қилиш ва жамиятнинг бошқа стратегик вазифаларини амалга ошириш сингари асосий умуммиллий вазифаларига қаратмоғи зарур. Бошқа масалаларни ҳал этиш эса аста-секин марказдан жойларга, давлат ҳокимияти органларидан жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказилиши лозим”.
Демократик давлат қуришда кучли, эркин ва ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Нодавлат нотижорат ташкилотлар эса фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмидир. Бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг аксарият жиҳатлари ушбу ташкилотлар фаолияти билан болиқ бўлиб, айнан улар фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ёрдам бермоқда, давлат ва жамият ўртасида ўзига хос бўғин бўлмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, аҳолининг турли қатламлари манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларига катта аҳамият берилаётганлиги мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” ғоясининг кенг татбиқ этилаётганлигидан далолат беради.
О.Шукуруллаева, Қоракўл тумани ФҲДЁ бўлими мудираси