Фуқаролик жамияти институтлари – демократик қадриятлар тимсоли
Дата: 11.06.2014
Демократик ривожланишнинг барча жабҳасида ўзининг чуқур ислоҳотлар йўлини танлаган Ўзбекистон дунёнинг демократик ривожланган давлатлари қаторига қўшилиш, халқини муносиб турмуш шароити билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Бу борада Президентимиз И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган, жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган ривожланишнинг “ўзбек модели” ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ва тизимли демократик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий туб ўзгаришлар учун асос қилиб олинди. Бунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари таъминланаётган, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратаётган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ушбу ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа фуқаролик институтларининг фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиши учун ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши мустаҳкамлаб қўйилган. Қомусимизнинг ушбу қоидаларини ривожлантириш борасида икки юздан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва шу тариқа фуқаролик жамияти институтлари ҳақида миллий қонунчилик тизими шакллантирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларнинг яхлит тизими белгиланган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун уларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш, шунингдек ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб - таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида, 2013 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Фуқаролик институтларини шакллантириш ва эркин ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуий шарт-шароитлар, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий кафолатларни яратиш, демократик туб ўзгаришлар ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳасини эркинлаштиришда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда қарийб 100 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 8 мингга ошди. Биргина, Бухоро вилоятида жамият ҳаётининг турли соҳаларида 550 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда, бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўпайган.
Фуқаролик институтлари фуқаролик жамияти билан ҳуқуқий давлатни ўзаро мустаҳкам боғловчи, шунингдек давлат сиёсатини жамият аъзолари манфаатларига асосланган манбалардан озиқланишини таъминлаб турувчи энг асосий демократик институтлардан бири бўлиб, бугунги кунда жамиятимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаши, мамлакатимизни изчил ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг ҳиссаси мунтазам ортиб бориши ўз навбатида халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақини таъминлаш ҳамда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили сифатида хизмат қилади.
Акрам Халилов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи