Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қўшимча қулайлик ва имкониятлар

Дата: 11.06.2014    

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмлар яратилганлигини нафақат фуқароларимиз балки хорижий мутахассислар ва экспертлар ҳам эътироф этишмоқда.

Бугун амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши - бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, барқарор ривожланишни, фуқароларга муносиб турмуш тарзини таъминлаш ҳисобланади. Эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди. Оилада қулай тадбиркорлик имкониятларини таъминловчи “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди десак муболаға бўлмайди.

Қонунда оилавий тадбиркорлик тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга асосан оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Оилавий корхона эса унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Фақат муомалага лаёқатли шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик субъектларига берилган яна бир имконият шундан иборатки, Қонуннинг 16-моддаси талабига кўра умумий ҳолларда оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди. Албатта, айрим фаолият турларини бундан мустасно.

Шунингдек, Қонуннинг 23-моддасида оилавий корхонани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари кўрсатилган бўлиб, унга асосан давлат органлари фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини; ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини; оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини; оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхоналарга солиқ тўлови бўйича ҳам алоҳида тартиб ўрнатилган. Жумладан, улар ягона солиқ тўловчи ҳусобланади. Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди. Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Шунингдек, оилавий корхонага ҳам кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади.

Бундан ташқари, қонунда оилавий корхона фаолиятини текширишларнинг чекланиши белгиланган. Унга кўра оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилиши белгиланган. Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина 2014 йилнинг 1-чораги давомида Бухоро вилоятида 34 та оилавий корхоналар ташкил этилиб давлат рўйхатидан ўтган. Қонун қабул қилинганига қисқа вақт ўтган бўлсада вилоятимизда бугунги кунда оилавий корхоналарнинг сони 120 дан ортиқ бўлиб ҳисобланди. Бу эса, тадбиркорларимизга оилавий корхонанинг ташкил этилиши қўшимча қулайлик яратганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсан, мазкур қабул қилинган қонун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш, уларга қўшимча имконият ва шарт-шароитлар яратиш баробарида қулай инвестицион муҳит ва барқарор иқтисодий ривожланиш йўлидаги яна бир қадам бўлганлигини кўриш мумкин.

А.Рахматов, Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари