Тадбиркорлик фаолияти – мамлакат тараққиёти асоси
Дата: 24.06.2014
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмлар яратилганлигини нафақат фуқароларимиз балки хорижий мутахассислар ва экспертлар ҳам эътироф этишмоқда. Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.
Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда амалга оширилиб келинмоқда.
Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши - бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, барқарор ривожланишни, фуқароларга муносиб турмуш тарзини таъминлаш ҳисобланади.
Фикримизнинг далили сифатида 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларига қўшимча равишда яна бир қатор имтиёзлар берилганлигини қайд этиб ўтиш мумкин.
Хусусан, 2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисоб варақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилиниши ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб борадилар.
Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилиб борилмоқда.
Шу билан бирга Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиниши ва уларнинг ҳуқуқларини бузилиши ҳолатларига чек қўйиш, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида жойларда мунтазам равишда ўрганиш ишлари, шунингдек тарғибот тадбирлари амалга оширилиб борилмоқда.
Ўрганишлар ва таҳлиллар аҳоли ўртасида айниқса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган фуқароларга оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш ва уни ташкил этиш ҳамда қонунчиликда уларга берилган имтиёзларни кенг тарғиб қилиш орқали ушбу йўналишда ишларни кучайтириш лозимлигини тақоза этмоқда.
Илгарилари тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаро турар жойини нотурар жойга алмаштириш учун бир қатор муаммоларга дуч келган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунига асосан оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмаслиги белгилаб қўйилди.
Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилиниши, бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни юридик шахс ташкил этмасдан туриб ҳам амалга ошириш мумкинлиги ва энг аҳамиятли жойи шундан иборатки, Қонунда оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши, коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминланиши белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан Бухоро вилоят адлия бошқармаси ана шундай ҳолатларга чек қўйиш, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда доимий тарзда ўрганиш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда. Хусусан, 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган ўрганишлар давомида назорат қилувчи органлар фаолиятида 2.826 та турли қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш юзасидан жами 42 та тақдимнома, 67 та огоҳномалар ҳамда 12 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди. Кўрилган чоралар натижасида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаган давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг 8 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди, адлия бошқармасининг таклифларига асосан 10 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 63 нафар шахс эса интизомий жазо чораларига тортилди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда кўрилган чоралар ва берилган амалий ёрдам натижасида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатида жами 40 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври давомида тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, уларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга қарийб 150 млн. сўмлик 60 та, шундан 24 таси мансабдор шахслардан тадбиркорлар фойдасига маънавий зарарларни ундириш тўғрисидаги даъво аризалари киритилди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган ўрганишларда назорат қилувчи органлар томонидан 448 та ҳолатда текширишлар тартибини бузиш аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан адлия бошқармаси томонидан тегишли ташкилотларга 14 та тақдимнома киритилди.
Жумладан, Пешку туманида фаолият юритаётган “Турсунов Насилло” оилавий корхонаси раҳбари Ғ.Турсуновнинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида Ғ.Турсунов кредит олиш мақсадида банкка мурожаат қилганлиги, мазкур мурожаат банкнинг кредит бериш қўмитаси томонидан кўриб чиқилганлиги ҳамда кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, шу куни кредит шартномаси тузилган бўлишига қарамай, ўрганиш кунига қадар тадбиркорлик субъектига кредит ажратилмаганлиги аниқланди.
Бошқарма томонидан кредит ажратиш чораларини кўриш юзасидан банкка 07.01.2014 йилда тақдимнома киритилди.
Тижорат банкининг 14.01.2014 йилдаги 83-сонли хатига кўра банкнинг кредитлаш бўлими микромолиявий хизматлар бўйича бош мутахассиси интизомий жавобгарликка тортилиб, “Турсунов Насилло” оилавий корхонасига 25 000 000 сум кредит ажратилиши таъминланди.
Бугунги тадбиркор бундан ўн-ўн беш йил аввалги тадбиркордан кескин фарқ қилади. Бошқача айтганда, қонуний асосда фаолият кўрсатаётган тадбиркор кимдир текширувчиман, деб ҳузурига борса, бундан асло чўчимайди. Аксинча, текширувчининг қонуний асосда келган-келмаганлигини аниқлай олади. Бунда унга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” ҳамда тизимда ташкил этилган “Ишонч телефони” ёрдам бермоқда.
Хусусан, 2014 йил ўтган даври мобайнида адлия бошқармасига тадбиркорлик субъектлари томонидан “Ишонч телефони” орқали жами 16 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 11 таси, яъни 68,7 фоизи қаноатлантирилган.
Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда 2014 йилнинг ўтган даври давомида жойларда жами юзга яқин тарғибот ишлари олиб борилди.
Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг ривожлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда етакчи кучга айланди.
Таъкидлаш керакки, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш, уларнинг ижросини тўлиқ ва бир хилда таъминлаш адлия органларининг доимий вазифаси бўлиб қолади.
Қолаверса, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ва бир хилда ижросини ташкил этиш – барча давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт.
Акрам Халилов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи