Мол-мулкка тақиқ қўйиш ва қўйилган тақиқни олиб ташлаш
Дата: 14.07.2014
Нотариуслар томонидан амалга оширадиган нотариал харакатлардан бири бу мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва солинган тақиқни бекор қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия ва Ички ишлар вазирлилари томонидан 27 июнь 2006 йилда 15,5-сонли қарорлари билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт воситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ судлар (судьялар), прокурорлар, терговчи, суд ижрочилар ва давлат нотариал идоралари нотариуслари мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ваколатига эгадирлар.
Ушбу низомга мувофиқ республиканинг барча вилоятларида автотранспорт воситаларини бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини олиб борадиган нотариал идоралар ташкил қилинган.
Кейинчалик қўчмас мулклар бўйича хам тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини олиб борадиган нотариал идоралар ташкил қилинди.
Мазкур нотариал идораларида тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банки электрон ва оддий ёзма шаклида олиб борилмокда.
Мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш асосан гаров шартномалар билан боғлиқдир. Қонун бўйича ҳақиқий бўлган ҳар қандай мажбуриятнинг ( заём, банк кредити, ижара, олди-сотди, юкларни ташиш ) бажарилиши гаров билан таъминланиши мумкин. Гаров шартномаси шартлари тўлиқ бажарилмагунга қадар нотариуслар гаровга қўйилган мулкнинг бошқага ўтказилишига тақиқ қўяди.
Тақиқ солинган мулк кўчмас мулк бўлган тақдирда, нотариус тегишли “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасига хабарнома юборади. Шуниндек кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга нотариус томонидан тақиқ қўйилганлиги ҳақида белги қўйилади.
Агар гаров шартномасининг предмети автомототранспорт воситаси бўлса, нотариус транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига тақиқ қўйилганлиги ҳақида ёзув киритиб, автотранспорт воситаси рўйхатда турган тегишли ДЙҲХХ органига хабар беради.
Нотариус томонидан қўйилган тақиқлар хакида ушбу маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини олиб борадиган давлат нотариал идорасига хам хабар берилади.
Бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини олиб борадиган нотариал идора суд, тергов, прокуратура органлари, суд ижрочилари ва нотариуслар томонидан кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги хабарлар, тақиқлар ва хатловларни олганидан кейин бу ҳақда тақиқларни рўйхатга олиш китобига ҳамда тақиқларга оид маълумотларнинг электрон базасига тегишли ёзувларни киритади.
Нотариус тақиқни олиб ташлаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар (судлар(судьялар), прокурорлар, терговчи, суд ижрочилар ва давлат нотариал идоралари нотариуслари) нинг тегишли қарорларига асосан тақиқни бекор қилади ва бу ҳақда тегишли кадастр хизматига, ДЙҲХХ органига ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини олиб борадиган нотариал идорага хабар беради.
Мулкни бошка шахсга утказишни тақиқлашни ҳамда нотариал ҳаракатни амалга оширишни тўхтатиб туришни бир-биридан фарқлаш лозим.
Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.
Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.
Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.
Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктириш ва тўхтатиб туришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мулкка тақиқ қўйишдан мақсад юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, фуқаролик муносабатларида мажбуриятларнинг бажарилишини, қолаверса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш воситаларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Ф.Мустафаева, Бухоро шаҳар 3 - сон ДНИ катта нотариуси