Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий турлари
Дата: 21.07.2014
Аслида ҳуқуқбузарлик феномени давлат ва ҳуқуқ институтлари пайдо бўлган вақтдаёқ вужудга келган ва ҳар доим улар билан биргаликда мавжуд бўлиб қолади, десак янглишмаган бўламиз. Фақатгина ҳуқуқбузарлик кўлами муайян макон ва замонда ўзи учун яратилган “шарт-шароитларга” боғлиқ равишда юқори ёки паст даражада намоён бўлади. Шу сабабли, ҳуқуқбузарликларга, айниқса, унинг хавфли кўриниши – жиноятчиликка қарши курашиш тарихан ҳар бир жамият ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бундан келиб чиқадики, потенциал ҳуқуқбузар – бу ўз муаммоларини, хусусан, моддий бойликларга бўлган эҳтиёжини бошқалар ҳисобига ҳал этишни истайдиган одамгина эмас. Бундай тоифадаги шахслар доирасининг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳам, афсуски, жуда кўп.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жиноят қонунчилигини такомиллаштириб бориш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда энг янги усул ва воситалардан фойдаланиш жиноятчилик даражасини камайтиришда кутилганидек самара бермаяпти. Деярли барча давлатларнинг жиноят қонунчилигида такроран содир этилган ва рецидив жиноятлар ҳақидаги қоидаларнинг мавжудлиги ва бу турдаги жиноятларнинг тез-тез содир этилаётганлиги жиноят учун берилган жазо ҳуқуқбузарларни ахлоқан қайта тарбиялаш вазифасини жуда қийинчилик бажараётганлигидан далолат беради.
Кўрсатиб ўтилган омиллар бутун дунёда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларга бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этди, дейиш мумкин. Бундан кейин жиноятчиликка қарши курашиш фақатгина содир этилган жиноятларни очиш, ҳуқуқбузарларни топиш, қонуний жазо тайинлаш ва уни ижро этишдан иборат бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳатто, содир этилиши режалаштирилаётган ҳуқуқбузарликнинг олди олинганда ҳам бу вазифани бажаришга жуда кеч киришилган деб ҳисоблаш керак бўлади. Шу тариқа дастлаб жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг кичик элементи сифатида пайдо бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кейинчалик жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятидан ҳам юқори турувчи алоҳида ва кенг қамровли фаолият йўналишига айланди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактиканинг асосий вазифаси жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришдан иборат. Шунингдек, турли давлатларда ушбу жараённи ташкил этиш кўламидан келиб чиққан ҳолда мазкур вазифалар янада кенгайтирилган.
Юқоридаги давлатлар тажрибасини оммалаштирган ҳолда, бугунги кунга келиб Шимолий Америка ва Европадаги бошқа давлатларда, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг аксариятида ҳамда Жанубий-шарқий Осиёнинг ривожланаётган давлатларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни бажаришга киришилди, давлат органлари ва жамоатчиликнинг бу борадаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва йўналтириш учун махсус қонунлар, давлат дастурлари қабул қилинди.
Хорижий давлатларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда уни турли йўналиш ва ҳудудлар бўйича махсус дастурлар орқали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараёнда полиция ёки ички ишлар идораларининг иштироки минимал даражада бўлиб, амалга оширилаётган дастурларнинг ижроси, асосан, аҳолининг ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятига асосланади. Шунингдек, ушбу дастурлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишнинг классик усуллари – полиция патрули, тарғибот ва тушунтириш ишларига нисбатан анча амалий ва самарали эканлиги маълум бўлмоқда.
Хусусан, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Германия, Австралия каби давлатларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда “Қўшнилар назорати” (neighborhood watch), “Синдирилган ойналар” (broken windows), “Жиноятчиликни тўхтатувчилар” (crime stoppers) каби дастурлар, шунингдек муайян тоифадаги шахслар, масалан болалар ва ўсмирларга мўлжалланган ёки жиноятчилик даражаси нисбатан юқори минтақаларга татбиқ этиладиган (“Weed&Seed”, “Safety City”) дастурлар самарали татбиқ этилмоқда.
Ушбу дастурлар орасида АҚШда қабул қилинган “Синдирилган ойналар” дастури бошқа бир неча давлатларда ҳам жорий этилган. Мазкур концепциянинг асосчилари Ж.Вильсон ва Г.Келлинг бўлиб, улар ўз ғоялари мазмунини қуйидагича ифодалайдилар: “Агар бинонинг битта ойнаси синган бўлса ва уни ҳеч ким таъмирламаса, қисқа вақт ичида бинонинг барча ойналари ҳам синдирилади, бинонинг ўзи тўлиқ ҳаробага айланади ва бу жой жиноятчилар маконига айланади”.
Кенгроқ қилиб айтганда ушбу концепция муаллифлари кўчалардаги тартиб ва озодаликнинг мавжуд эмаслиги девиант ҳулқ-атворнинг намоён бўлишига олиб келишини таъкидлайдилар. Яъни ташқи тартибсизлик (ойналар, электр чироқларининг синганлиги, қаровсиз ташлаб кетилган автомобиллар, биноларнинг ташқариси ва йўлларнинг узоқ вақт таъмирланмаганлиги, чиқиндиларнинг кўчанинг исталган жойига ташлаб кетилганлиги) ўша ҳудудда жамоатчилик назоратининг йўқлиги, ахлоқсизлик ва ҳуқуқбузарлик учун таъсир чоралари қўлланилмаслиги ҳамда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқариш тузилмалари мазкур ҳолатга бепарво муносабатда бўлишларидан далолат беради. Бундай белгилар эса, одамларнинг онгостида ушбу ҳудуд назорат остидан ташқари, бу ерда давлат ва жамоат ҳокимиятининг кучи йўқ деган фикрни шакллантиради. Агар битта ойна синган ва бу ҳеч кимни безовта қилмаётган бўлса, демак иккинчи, учинчи ва бошқа ойналарни ҳам синдириш мумкин. Шу тариқа, одамнинг ичидаги яширин девиант хулқ-атвор унинг хатти-ҳаракатларига кўчади.
Мазкур гипотезага асосланган ҳолда, ушбу дастурда аҳоли пунктларида тозалик ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, қаровсиз автомашиналар, бино ва иншоотлар пайдо бўлишига, чиқиндиларнинг тўпланиб қолинишига йўл қўймаслик чоралари белгиланади. Бунда дастлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари доимий равишда аҳоли пунктларидаги ҳолатни ўрганиб борадилар, аста-секинлик билан аҳолининг ўзи ушбу дастурнинг ҳам ижрочиси, ҳам назоратчисига айланади. Дастурнинг ўзи эса аҳолининг кундалик турмуш тарзига сингиб боради.
Ушбу дастур аста-секин янада кенг кўламда татбиқ этилиб, шаҳарсозлик нормаларига ҳам таъсир эта бошлади. Хусусан, лойиҳа ташкилотларига бино ва иншоотларни жойлаштиришда, ерости ўтиш йўллари, кўприклар қуришда қаровсиз “оралиқ жойлар” қолиб кетишига, йўлакларнинг табиий ва сунъий ёруғлик манбаларидан тўсилиб қолишига йўл қўймаслик каби талаблар қўйилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда махсус дастурлар билан бир қаторда, бир қарашда оддий кўринган бошқа ташкилий чора-тадбирлар ҳам юқори самара бериши мумкин. Хусусан, ўтган асрда Европанинг қатор давлатларида йўловчилар томонидан ҳаво кемаларига қурол-яроқ ва бошқа хавфли буюмлар олиб кирилмаслигини қаттиқ назорат қилиш орқали, ҳаво кемаларини олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар сонининг кескин камайишига эришилди. Шунингдек, футбол мусобақаларида ҳар икки жамоа мухлисларининг алоҳида секторларда ўтиришлари ва турли эшиклар орқали кириб-чиқишларини йўлга қўйиш орқали эҳтиросга берилган мухлислар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузурликлар сони сезиларли даражада камайди.
Аҳолининг жамиятда юз бераётган ҳар бир ҳодисага нисбатан ўзининг фаол муносабатини билдириши, хусусан, ён-атрофдаги хонадонларда юз бераётган нотинчлик, кўчада шубҳали шахслар пайдо бўлганлиги ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериши, шунингдек уй-жой ва автомобилларни қаровсиз қолдирмаслик, жуда кўп миқдордаги нақд пул ёки қимматбаҳо буюмларни банк ва ломбардларда сақлаш одатининг шаклланганлиги ҳам потенциал жабрланувчилар сонининг камайишига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровлар ишлар ҳақида алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир неча ўн йилликларга қадар қайси жойда одам нима қилишни истаса ва шуни бажара олса, бу ерда демократия бор, деган жуда тор қарашлар илгари сурилган давлатлардан фарқли равишда, бизнинг халқимиз азалдан “Бир болага – етти маҳалла ота-она”, “Касалликни даволагандан уни олдини олган афзал” каби нақлларга амал қилиб яшайди. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, ён атрофдаги одамларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлиш, озгина бўлса-да номақбул иш қилишдан уялиш ҳисси оилада фарзанд тарбиясининг асосини ташкил қилиб келади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишга йўналтириш билан бир қаторда мазкур соҳада кенг қамровли ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, 2010 йилда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишнинг энг муҳим бўғини – вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, 2012 йилда қабул қилинган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Бу каби сай-ҳаракатларнинг натижасини жорий йилнинг апрель ойида “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича 99 та давлат орасида 3-ўринни эгаллаганлигида ҳам кўриш мумкин.
Шу йилнинг 14 май куни имзоланган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг 4 та асосий тури белгиланди: ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси, ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси, ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси, ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси. Профилактиканинг ҳар бир тури бўйича тегишли чора-тадбирлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгиланди.
Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, адлия, давлат божхона хизмати, давлат солиқ хизмати органлари каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги фаол иштироки назарда тутилган. Бу эса, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва жамият олдидаги масълулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Элдор Ҳамроев, Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси.