Эрта никоҳ ташвишлари
Дата: 25.07.2014
Мустақил тараққиёт ва ривожланиш йўлидан бораётган Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида унинг яхлитлигини кафолатловчи оила институтини мустаҳкамлаш борасида истиқболга йўналтирилган аниқ сиёсат олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси оила ва ҳар бир фуқаронинг манфаатини ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб берилган бўлиб, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Шундай никоҳгина оила қурганлар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини келтириб чиқаради. Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши никоҳ тузилганлигини исботловчи бирдан-бир қонуний далилдир. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Шуни таъкидлаш лозимки, ёшларнинг никоҳга маънавий тайёргарлик даражаси оила мустаҳкамлигининг муҳим гаровидир. Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчиларнинг қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши аёллар учун 17 ёш, эркаклар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассилар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 6 ойи давомида ФҲДЁ органлари томонидан “Оила дорилфунуни” бўйича ҳам 181 маротаба учрашув ва машғулотлар ташкил этилиб, 4247 нафар фуқаролар жалб этилган. Мазкур машғулотларда давлат ҳокимияти органлари, тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмиталарининг масъул ходимлари, имом хатиблар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштироки таъминланди.
Бундан ташқари, эрта никоҳларни олдини олиш борасида 198 тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, 14 эрта никоҳнинг, 16 та қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олди олинди.
З.Имомова, Бухоро вилояти адлия бошқармаси масъул ходими