Соғлом оилада соғлом бола
2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши барча мамлакатимиз аҳолисида ўзгача ҳурсандчилик ҳиссини уйғотди. Чунки ўзбек халқи болажон халқ, шундай экан, буюк келажакни барпо этаётган халқ шунга муносиб авлодни вояга етказишга маъсулдир.
Соғлом авлод – жамият тараққиётининг асосидир. Шу боис юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ ҳам жисмоний, ҳам маънавий баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Президентимизнинг 1993 йил 4 мартда қабул қилинган фармонига мувофиқ таъсис этилган мустақил Ватанимизнинг илк ордени – “Соғлом авлод учун” деб номланиши ҳам истиқлолнинг илк йилларидан бу масалага нечоғлик улкан эътибор қаратилганлигидан далолатдир. Зеро, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу ниятни амалга ошириш имконияти мустақиллик шарофати билан пайдо бўлди. Буюк давлатни барпо этишга қодир баркамол авлодни – мустақил инсонни тарбиялаш учун зарур барча иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳамда маънавий имкониятлар тобора кенгаймоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, соғлом авлод деганда, аввало соғлом насл, жисмонан бақувват, иймон – эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур ватанпарвар авлод тушунилади.
Ўтган йиллар давомида “Соғлом она-соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди. Хусусан, замонавий тиббий ускуналар билан жихозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқхоналар барпо этиш, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоялаш мақсадида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асослар тўла шакллантирилди. Айни чоғда ушбу ҳуқуқий асосни янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Қабул қилинаётган барча қонунлар, норматив ҳуқуқий хужжатларнинг замирида ягона қоида мужассам. Бу ғоя, президентимиз таъбири билан айтганда соғлом зурриёт, яъни жисмоний ва маънавий етук авлод шаклланиши ва ўз имкониятларини ҳамда салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур тизимни яратиш, ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, замонавий билим ва касбга эга бўлишини, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллашни таъминлашдан иборат. Бунда авваламбор оиланинг муқаддаслиги ҳамда никоҳ масъулияти бўйича келажакда оила қурадиган йигит ва қизларимизнинг тафаккурини, онгини ўстиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига асосан оналик ва болалик давлат томонидан мухофаза қилиниши белгиланган. Оналик ва болаликни ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уларнинг мамлакатимиз ижтимоий сиёсий, ижтимоий иқтисодий ва маданий ҳаётда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, аёллар соғлигини мухофаза қилиш, соғлом оила ва баркамол авлодни барпо этиш, никоҳдан ажралиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор вазифалардир. Зеро, миллат ва мамлакат келажаги, унинг ижтимоий ва маданий салоҳияти соғлом авлодни дунёга келтирувчи оналаримиз, улардан туғиладиган маънан ва ақлан теран фарзандларимизга боғлиқдир.
Жумладан, бўлажак оиланинг мустаҳкам, туғилажак фарзандларнинг соғлом бўлишида никоҳланувчи шахсларнинг жисмонан ва руҳан соғломлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунда мамлакатимизда никоҳланаётган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши қонун асосида йўлга қўйилган. ФҲДЁ бўлимлари ҳузурида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар”, “Оила дорилфунуни” машғулотларида мутахасислар иштирокида никоҳга кирувчи ёшлар, коллеж талабалари билан соғлом турмуш тарзи, соғлом фарзанд кўришда ота-она олдидаги масъулияти, никоҳ тузишдан олдин тиббий кўрикнинг аҳамияти, нуқсонли фарзанд туғилишининг олдини олиш, эрта турмушга чиқиш ва норасмий никоҳларнинг олдини олиш, никоҳ маданиятининг мазмун моҳияти, яқин қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд воситаларини истеъмол қилишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
С.Хамраев Шофиркон туман 1-сон ДНИ нотариуси