Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Тинчлик ва осойишталигимиз мезони


Мамлакатимизда ҳукм сураётган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳити тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омилидир. Элу юртнинг шодиёна кунларида бу неъматнинг қадри янада яққолроқ намоён бўлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жойларда, хусусан, маҳаллаларда ўтказилаётган кенг кўламли чора-тадбирларда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Тошкент шаҳрида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимизга юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда.

— Байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида изчиллик билан амалга оширилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, майор Ўктам Раҳматов. — Бунда ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Пойтахтимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Хавфсизликни таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Унда ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, кўча ва уй бошилари, маҳалла посбонлари, жамоат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.

Паспорт режими қоидаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказилиб, қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаётир.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидан. Шу боис аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Соҳа ходимлари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда 11 мингга яқин хонадон, мингдан зиёд кўп қаватли уй, кўплаб ташкилот ва корхоналарда текширишлар ўтказилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 121 нафар мансабдор шахс ва фуқарога тегишли равишда жарима қўлланилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган профилактика инспекторларининг алоҳида ўрни бор. Уларнинг самарали фаолияти натижасида жамоат жойларида доимий тартиб-интизом таъминланмоқда.

Тошкент шаҳри йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда. Ички ишлар идоралари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган бундай кенг кўламли чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби пойтахтимизда ҳам аҳоли тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланмоқда.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида огоҳликка чорловчи тадбирлар, “Ўз уйингни ўзинг асра” мавзуида учрашув ва суҳбатлар ташкил этилаётир. Ҳамюртларимизнинг ҳушёрлиги ва огоҳлиги, тинчликни сақлаш нафақат мутасадди идоралар ходимлари, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини яхши англаётгани осойишталикнинг муҳим омили бўлмоқда.