Янгиликлар
Амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2014 йил 1-ярим йиллик давомида амалга оширилган ишлар юзасидан навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Рахматов раислигида ўтказилган Ҳайъат мажлисида бошқарма ходимлари ҳамда барча туман (шаҳар) ДНИ нотриуслари ва ФҲДЁ бўлим мудиралари иштирок этишди.
Бошқарма томонидан 2014 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 131 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилиб, тақдим этилган қарор лойиҳаларидан 104 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 23 та лойиҳа белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларни кўриб чиқиб, ундаги важларни қонуний ҳал этиш ҳар бир давлат идораси ходимининг муҳим ва устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу йўналишда ҳисобот даврида бошқарма ҳодимлари томонидан фуқароларнинг 155 та шикоятлар кўриб чиқилиб, мазмунан ҳал этилди. Шундан, 132 та шикоят қаноатлантирилди, 23 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
“Ишонч телефон”лари орқали 26 та мурожаатлар қабул қилиниб, 54 таси кўриб чиқилди. Шундан 13 таси ёки 54 фоиздан ортиғи бўйича мурожаат муаллифларининг ҳуқуқлари тикланиб, 11 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 1 та мурожаат кўриб чиқиш учун бошқа ташкилотларга юборилган, 1 та мурожаат кўриб чиқилмоқда..
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, чет эл инвестициялари жалб қилинган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, шартномавий муносабатлар ҳамда бошқа соҳаларда ўтказилган ўрганишлар давомида жами 22 464 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида турли идора ва ташкилотларга жами 214 та тақдимнома киритилган. Киритилган таъсир чоралари натижасида 269 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Судларга жами 623 752 минг сўмлик 201 та даъво аризалар киритилди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий тарғибот бўйича бошқарма ва қуйи идоралар ходимлари томонидан жами 2920 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали 327 марта чиқишлар қилинди.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим адлия бошқармаси ходимлари ва тизим муассасалари томонидан фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кескин танқид қилиниб, раҳбарларнинг бу борадаги ахборотлари эшитилди. Жумладан, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ишларни тизимли равишда режалаштириш, амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, камчиликларни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда шароитларни аниқлашга етарли эътибор қаратмаётгани, нотариус ва мудиралар томонидан фуқароларни қабул қилишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги танқид қилиниб хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.