Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Ишбилармонлик муҳити


Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида текширишлар сонини чеклаш, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан “Иқтисодиётда тадбиркорлик тараққиёти ҳамда инвестициявий имкониятларнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларига бу борда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, тадбиркорликни тараққий эттириш ва инвестициявий имкониятларни кенгайтиришни қонунчилик базасини мустаҳкамламасдан тасаввур қилиб бўлмайди. Сўнги йилларда қабул қилинган аксарият қонун ҳужжатларида айнан “ишбилармонлик муҳити” тушунчаси кенг қўлланилмоқда. Мазкур тушунча ўзида тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатига олишдан тортиб то тугатишгача бўлган бутун бир жараённи қамраб олишини инобатга оладиган бўлсак, унинг ўзи бу босқичда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмунан қай даражада кенглиги ҳамда аҳамияти жиҳатидан муҳимлигини кўрсатади.

Бундай қонун ҳужжатлари мисолида, ўтган йилларда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Қонунчиликка асосан, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги бир қадар кучайтирилди.

Матбуот анжуманида, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенгроқ эркинликлар бериш борасидаги қонунчилик такомиллашуви самарали давом этаётганлиги қайд этилди. Бунинг исботи сифатида жорий йилнинг 7 апрель куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни келтириш мумкин.

Фармонга кўра ҳужжатларни тақдим этиш ёки ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талаблар бекор қилиниши ҳисобига 31 та рухсат берувчи тартибот бўйича расмийлаштириш тартиб-қоидаси соддалаштирилди. Жорий йилнинг охиригача давлат хизматларининг энг кўп талаб қилинган 23 та турини интернет тармоғи орқали интерактив шаклга ўтказиш назарда тутилди.

Шунингдек, 2014 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “тадбиркорлик субъектининг кабинети” ишлаши, молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш йўлга қўйилиши, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ҳамда давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш каби имтиёзларнинг жорий этилиши тадбиркорлик фаолияти ривожига хизмат қилиши эътироф этилди.

Тадбирда Адлия органлари томонидан тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида адлия органлари томонидан тадбиркорликка шунингдек, хорижий инвестицияларга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида маҳаллий давлат хокимияти ва бошқаруви органларининг 529 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди. Тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатини кўзлаб судларга 11,5 миллиард сўмликдан ортиқ 766 та даъво аризалари киритилган.

Матбуот анжуманида журналистларга бу соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган қонун ижодкорлиги, тадбиркорлар билан ўтказилаётган “очиқ эшиклар куни”, “ягона ойна” марказлари фаолияти юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.