Янгиликлар
Мустақиллик - иншоотлари
Истиқлол йиллари юртимиз кундан кунга ривожланиб бормоқда. Бунда бевосита мамлакатимиз раҳбари И.Каримовнинг саъй-ҳаракатлари беқиёс ўрин эгаллайди. Юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлатимиз сиёсатининг асосий мазмун-моҳияти – ҳар томонлама етук ёш авлодни камол топтиришдан иборатдир. Бинобарин, 2014 йилнинг “Cоғлом бола йили” деб эълон қилингани ҳам келажак ҳақида қайғуриш, деб изоҳласак бўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир”.
Бугун оиланинг беназир нуфузи, улкан ижтимоий аҳамиятга молик воқелик экани ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Оила жамиятнинг асосий ҳужайраси ва ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва фаровонлиги пировард натижада жамиятнинг барқарорлиги, гуллаб яшнаши ҳамда фаровонлиги шартидир.
Бугунги кунда фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг янада ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳи ила хизмат қилишларига замин яратмоқда.
Азалдан ўзбек халқи бунёдкор, гўзалликка ошно миллатдир. Ушбу байрам арафасида ҳам шундай бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Зеро, ободлик кўнгилдан бошланади.
Ҳукуматимиз томонидан адлия органлари олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири – фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи тузилмалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш саналади.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, адлия бошқармаси томонидан Когон туманида ФҲДЁ бўлими ва давлат нотариал идоралари учун янги бино қурилди.
Мазкур бинонинг фойдаланишга топширилганлиги ҳам давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятларнинг бир кўриниши десак муболаға бўлмайди. Ушбу ажойиб бино инсонларнинг, айниқса, Когонлик ёшлар учун байрам туҳфаси бўлиб, уларнинг энг бахтиёр ва шодиёна кунларида хизмат қилиши ва ҳамиша гавжум масканлардан бирига айланиши муқаррар.
Тантанали очилиш маросими аввалида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов, Когон шаҳар ҳокими И.Фармонов, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева, туман ФҲДЁ бўлими мудираси Д.Зиядуллаева ва туман ёшлари номидан М.Ходжиевалар қурувчиларга ўз табрик ва миннатдорчилик сўзларини изҳор этдилар.
Бино туман фахрийлари иштирокида очилиб, унинг калити ёшларга топширилди. Айнан мустақиллик арафасида ўзларининг никоҳ тўйлари билан бирга таваллуд топган кунларини нишонлаётган келин-куёвлар учун ушбу кун қўшалоқ байрам бўлди. Тадбир давосида туман фахрийлари томонидан қўшалоқ байрамларимиз кўпаяверсин, мустақиллигимиз абадий бўлсин дея дуо қилинди.
Шунингдек, тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги муносабати ҳамда самарали меҳнати, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасини ривожлантиришда қўшаётган ҳиссаси учун бошқарма ва унинг тизимидаги бир неча ходимлар “Фахрий ёрлиқ”, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.