Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Мустақиллик дарслари


Мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларидаги каби Афшона тиббиёт коллежида ҳам Билимлар куни Мустақиллик дарслари билан бошланди. Мазкур таълим даргоҳининг жорий йилда қабул қилинган 280 нафарга яқин ўқувчиси учун бу тадбир ўзгача кечди. Маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муҳиддин Эсанов, Буxоро давлат тиббиёт институти ректори, профессор Тоҳир Асқаров, адлия бошқармаси масъул ходими Равшан Акрамов ва бошқалар ёшлар ҳузурида сўзга чиқиб, уларни "Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга баxшида, гўзал Ўзбекистоним!" шиори остида кенг нишонланаётган республикамиз давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллиги билан табриклашди.

Тадбирда таъкидландики, ота-боболаримиз орзуси — истиқлол туфайли юртимиз ўз эркига эга бўлиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин топди. Xалқимиз Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг "ўзбек модели" асосида барча жабҳаларда асрларга татигули ютуқларга эришди. Юртимизда ёшларга муносиб келажакни таъминлайдиган қулайликлар, жумладан, уларнинг чуқур билим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Буни Абу Али ибн Сино таваллуд топган Пешку туманидаги Афшона қишлоғида саккиз йил илгари ташкил этилган ва замонавий ўқув-лабораторияларига эга тиббиёт коллежи мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугун бу ерда 1100 нафардан зиёд йигит-қиз таълим олмоқда.

Жамият тараққиёти ёшларга, уларнинг маънавияти ва ўзларининг буюк аждодларга ворисликларидан фаxр ва ғурур туйишларига боғлиқдир. Мулоқотда Президентимизнинг жорий йил май ойида дунёнинг кўплаб мамлакатлари олимлари иштирокида Самарқанд шаҳрида "Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тариxий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти" мавзуига бағишлаб ўтказилган xалқаро анжумандаги маърузасига эътибор қаратилди.

Билимлар куни доирасида тиббиёт коллежининг биринчи босқич ўқувчилари ва яқинда Буxоро давлат тиббиёт институти талабалари сафидан ўрин олган йигит-қизлар Афшонада ўрнатилган Абу Али ибн Синонинг муҳташам ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Бўлажак врачлар бу ерда тиббиёт xодими қасамёдини ҳам қабул қилишди.