Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Тадбиркорликка кенг йўл


Хоразм вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида яратилган 31 мингга яқин иш ўрнининг 89,5 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилди.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мазкур соҳа мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Айни пайтда тадбиркорлик одамларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини юзага чиқарувчи восита сифатида ҳам намоён бўлаётир.

Вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш даражаси 112,6 фоизни ташкил этди. Хоразм вилоятини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 821 лойиҳа амалга оширилиб, 108,7 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилинди ва беш мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми 7,4 миллион долларни ташкил этиб, 2013 йилга нисбатан 2,4 баробар ўсган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 663 кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 10 минг 600 дан ошган.

Кичик бизнес субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўсиб боришида мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестиция муҳити ва кенг шароитлар муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлда қабул қилинган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш ва кичик бизнес субъектларининг статистика ҳисоботларини тақдим қилишида қўшимча қулайликлар яратди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли ташкилотларга топширилиши лозим бўлган ҳужжат ва ҳисоботлар, уларнинг сони, муддати ва даврийлиги тубдан қисқарди. Тадбиркорларнинг ҳужжат ва ҳисоботлари эндиликда электрон шаклда қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни ижроси аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни доимий иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 169 оилавий корхона ташкил этилди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида ишбилармонлик, касаначилик ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш халқимиз кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида тобора ривожланиб бормоқда, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Абдукаримова. – Бугунги кунда вилоятимизда беш мингдан зиёд хотин-қиз тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида тижорат банклари томонидан 93,3 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бу тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.

– Корхонамиз рўзғорбоп буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Хива маиший техника” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қудрат Оллоберганов. – Айни пайтда замонавий совутгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдамиз. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ажратилган 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига корхона биноси қуриб битказилди. Италия, Германиядан зарур жиҳозлар келтирилди. Йигирма киши меҳнат қилаётган корхонамизнинг илк маҳсулоти энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 23 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.