Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Марказий сайлов комиссиясида


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2014 йилда бўлиб ўтадиган сайловларни ёритиш бўйича республика матбуот марказини ташкил этишга оид масала кўриб чиқилди. 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган йиғилишда сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси, уни юқори савияда ўтказиш ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга молик масала эканлиги таъкидланди. Айниқса, бу жараёнда ошкораликни таъминлаш фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига, мамлакатимизнинг демократия йўлидан янада тараққий этишига хизмат қилади. 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси 2014 йилги сайлов жараёнини ёритиш бўйича республика матбуот марказини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Матбуот марказининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари ходимларига сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнини ёритиш, ахборот олиш ва уни тарқатиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратишдир. 2014 йилги сайлов жараёнини ёритиш бўйича матбуот маркази Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 16-уйдаги Ўзбекистон Миллий матбуот маркази биносига жойлаштирилди. Бу ерда журналистларнинг сайлов жараёнининг барча босқичларини самарали ёритиш борасидаги фаолияти учун барча шарт-шароит яратилган. 

Сайловларнинг боришини ёритиш истагида бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссиясида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтиши керак. Аккредитациядан ўтиш тартиби билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz расмий сайти орқали танишиш мумкин. Тегишли тартибда аккредитациядан ўтган журналистлар Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказиладиган брифинг ва матбуот анжуманларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. 

Йиғилишда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастурида кўзда тутилган бошқа масалалар кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, дастур доирасидаги барча тадбирлар сайлов қонунчилиги талабларига қатъий мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда. 

Мажлисда комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.