Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Вилоят босқичи ғолиблари аниқланди


Бухорода Президентимиз соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2013” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.

Бугунги кунда вилоятда 27 минг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Юртбошимиз раҳнамолигида соҳага қаратилаётган эътибор, яратилган қулай инвестицион муҳит ушбу субъектлар эришаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлмоқда. Ҳозир уларнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 65,7 фоизни ташкил этмоқда. Бандлик дастури ижросини таъминлашда ҳам соҳа муҳим ўрин тутади. Хусусан, ўтган йили яратилган янги иш ўринларининг 49 фоизи айнан тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Тадбирда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида самарали фаолият олиб бораётган кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Барча туман ва шаҳарлардан тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар иштирок этган танловда кўргазмага қўйилган маҳсулотлар – саноат моллари, технологик ускуналар, кийим-кечаклар, чарм пойабзаллар, қишлоқ хўжалик ноз-неъматлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари вилоятда кичик бизнеснинг имкониятлари янада кенгайиб бораётганини кўрсатди.

Жондор туманидаги ”Жондор чашмаси” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Мазкур субъектга қарашли сутни қайта ишлаш заводи технологик жиҳатдан янгиланди. Натижада унинг ишлаб чиқариш қуввати ошди, саккиз янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда корхонада тайёрланаётган қаймоқ, бринза, сариёғ, творог, сметана каби 12 турдаги маҳсулотга талаб катта. Ўтган йили буюртмачиларга 594,6 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди.

Мазкур корхона раҳбари Мамлакат Тошева кўрик-танловда “Энг яхши тадбиркор” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди. Олот туманидаги “Байрам Ҳайдар” фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Ҳайдаров “Энг яхши фермер”, зардўзлик мактаби анъаналарини ривожлантираётган бухоролик Маҳфуза Салимова “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.