Янгиликлар
Қариялар минг эъзозда
Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳудудий жамоатчилик кенгаши томонидан ана шундай номланган хайрия акцияси бўлиб ўтди.
Наврўз байрами муносабати билан “Ўзбекистон – менинг уйим” мавзуидаги ободонлаштириш ойлиги доирасида ташкил қилинган тадбирга кексалар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар вакиллари таклиф этилдилар. Ўзига хос дийдорлашув ва шукроналик кечасига айланган тадбирда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, эзгулик ва умидлар айёми Наврўз ҳақида сўз борди.
Шаҳардаги 17-мактаб ўқувчилари, Бухоро санъат коллежт талабалари ҳамда бир гуруҳ истеъдодли ҳаваскор ёшлар томонидан ёд айтилган Ватан, Наврўз, тинчликни мадҳ этувчи шеърлар, ижро этилган саҳна кўринишлари, янграган куй-қўшиқлар тўпланганларга байрам кайфиятини улашди. “Олтин мерос” жамғармаси вилоят бошқармаси қошидаги “Шарқ либослари” дастасининг миллий ва замонавий кийимлар дизайнига оид кўргазмали чиқишлари кечага ўзгача файз бағишлади. Тадбир якунида нуроний отахон ва онахонларга ташкилотчилар томонидан байрам совғалари берилди. Кексалар юртимиз тинч, турмушимиз янада тўкин ва фаровон, Юртбошимиз омон бўлсинлар, дея дуога қўл очдилар.
Айтиш жоизки, мазкур форум томонидан “Ҳар кишидан бир кўчат” ва “Ойдин кўчалар” акциялари ҳам ўтказилди.