Янгиликлар
ФҲДЁ учун янги бино
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими янги бинога эга бўлди.
Бу ерда ФҲДЁ бўлими ходимларининг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Бинода архив ва тантанали маросимлар зали ҳам мавжуд. Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш муассасаси – нотариал идоранинг ҳам шу ерда жойлашгани фуқароларга қулайлик яратади.
– Ўтган йили Пешку туманида янги ФҲДЁ биноси фойдаланишга топширилган эди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Акрам Халилов. – Бу хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Яқин кунларда Қоракўл туманида ҳам ана шундай объект ишга туширилади. Йил охиригача Бухоро, Когон шаҳарлари ва Бухоро тумани ФҲДЁ бўлимлари, шунингдек, бир қатор нотариал идоралар бинолари таъмирдан чиқарилади.
Обод турмуш йилида оила қурган Сайдулло Шодмонов ва Мадина Иброҳимова, Аслиддин Исматов ва Юлдуз Сайфуллаева каби ёшлар учун ушбу кун қўшалоқ байрамга айланди. Уларнинг никоҳлари ФҲДЁнинг янги биносида қайд қилинди.