Янгиликлар
Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар фестивали
Бухоро шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғида вилоят ҳокимлиги ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими, вилоят маданият ва спорт ишлари, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” мавзусида фестивал ўтказилди.
Бундан ёшларда миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга нисбатан ҳурмат, Ватанга садоқат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни ”оммавий маданият” хуружларидан асраш мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётган иқтидорли ва истеъдодли ижодкорлар, ижтимоий фаол навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш мақсадлари кўзланган. Мазкур тадбирда минглаб талабалар касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ИИБлари профилактика ҳисобида турувчи вояга етмаганлар, нотинч оилалар фарзандлари иштирок этди.
Фестивал “Ҳар бир ёшга-бир ниҳол” шиори остида ёшлар ҳашари билан бошланиб, унда кўплаб мевали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Шундан сўнг “Варраклар сайли”, жисмоний чиниқишга қаратилган кучлилик, чаққонликдан иборат олтмишдан зиёд миллий ўйинлар, “Наврўз-менинг нигоҳимда” расмлар танлови, “Наврўз дастурхони”, “Сумалак сайли”, ёш ҳунармандлар, тадбиркорлар кўргазмалари, ёш ошпазлар ўртасида миллий таомлар фестивали ўтказилди.
Вилоятдаги тўртта олий ўқув юрти ва йигирмадан зиёд ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассаса вакиллари тадбирда мустақиллик йилларида тикланган миллий анъаналар, қадрият ва урф-одатларни кўргазма ва маданий дастур шаклида намойиш этдилар.
Шунингдек, лойиҳа доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил қилинди. Унда йигирма иккита корхона ва ташкилот икки юз олтмиш бешта иш ўрни билан иштирок этди. Ярмарка давомида мурожаат қилган бир юз етмиш олти нафар ёшнинг қирқ саккиз нафарига ишга кириш учун йўлланма, бир юз йигирма саккиз нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Фестивал якунида барча лойиҳаларнинг ғолиблари ва фаол иштирокчилар диплом ва совғалар билан тақдирландилар. Ёшларни жипслаштирган катта байрам вилоятнинг таниқли санъаткорлари, “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали совриндорларининг Наврўз, юрт, ёшликни тараннум этган чиқишларига уланиб кетди.