Янгиликлар
Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро юридик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Оила жамият” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси, Бухоро шаҳар “Никоҳ уйи” ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида оила институтини мустаҳкамлашмуҳим ўрин тутади. 2013 йилни 2012 йилнинг мантиқий давоми сифатида “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши “Обод турмуш йили” давлат Дастури қабул қилинганлиги, ушбу дастурда 6 та устивор вазифа белгиланиб, унда оила ва жамиятга алоҳида эътибор берилган.
Тадбирнинг асосий мақсади - жамиятимизда эрта никоҳ натижасида юзага келаётган муаммоларни маълум даражада олдини олиш ва йўл қўймаслик, бунда аввало соғлом оила муҳитини яратиш асосий вазифамиздир, зеро, президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “Соғлом ва баркамол авлод вужудга келиши учун, энг аввало жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Шундагина мустаҳкам оила дунёга келади. Оила соғлом бўлса, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осойишта бўлади”.
Кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлигига қаратилмоқда. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмуши фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ, дея таъкидлашди сўзга чиққанлар.
Бундан ташқари, тадбирда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти, тиббий кўрикдан ўтиш тартиби хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир сўнгида маърузаларни тинглаган ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Давра суҳбати коллеж ўқитувчилари томонидан алоҳида эътироф этилиб, тадбирни ташкил этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.