Янгиликлар
Эртамиз бугундан бошланади
Бухоро вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги 4-сон мусиқа мактабида “1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Эртамиз бугундан бошланади” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда адлия бошқармаси масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, давлат бошқаруви органлари, шунингдек мактаб ўқитувчилари, лицей ва коллежларнинг фаол ўқувчи ва талаба ёшлари ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқларининг ажралмас ва узвий қисми бўлган бола ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш – Ўзбекистон Республикаси миллий ҳуқуқ тизимининг ўзагини ташкил этади. Зеро, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлодни шакллантириш, мамлакат келажагини яратувчи замонавий ёшларни тарбиялаш – бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳамда ислоҳотларнинг асосий мақсадидир.
Тадбирда, истиқлол йилларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг самарали ҳуқуқий механизмлари яратилганлиги, бу борада бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлиги, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам баркамол авлод тарбияси ва ёшлар ҳуқуқларининг кафолатига оид бир қанча нормалар ўз аксини топганлиги қайд этилди.
Асосий Қонунимизда “вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” эканлиги, “оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши” кафолатланганлиги шунингдек, мамлакатимиз томонидан ушбу соҳадаги универсал халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва унга бўлган иккита факультатив протокол, Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция, Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенция, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколлар ратификация қилинган таъкидланди.
2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир давлат сиёсатини амалга оширишда ҳамда жамиятдаги барча тоифа болалар, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлиги шу билан бирга, Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асослари яратилибгина қолмасдан, уларни ҳаётга тўла татбиқ этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, баркамол авлодни тарбиялаш бўйича ўзига хос “миллий тизим” шаклланди.
Хусусан, юртимизда Оила, Соғлом авлод, Оналар ва болалар, Ёшлар йиллари доирасида бу борада кўпгина амалий ишлар бажарилгани, 2014 йилнинг эса олдинги йилларнинг мантиқий давоми сифатида “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани бунинг ёрқин ифодаси эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида адлия бошқармаси томонидан саволлар асосида ёшларнинг ҳуқуқий билимлари яна бир бор синовдан ўтказилди.
Тадбир якунида истеъдодли ёшлар томонидан иштирокчиларга доира ва фартопианада чалишлар, шунингдек, қўшиқ айтишлар намойиш қилинди.